17:43 / 23.04.2021
10702

Чет элда юрган 1,5 мингдан зиёд фуқарога жамоат ишларида қатнашди деб 1,4 млрд сўм ёзилган - Норбоева

Чет элда юрган 1,5 минг нафардан зиёд фуқарога жамоат ишларида қатнашди деб 1,4 млрд сўм ёзилган, водий туманларида пахта теримида қатнашмаганларга миллионлаб маблағ иш ҳақи сифатида тўлаб юборилган. Бу ҳақда Сенат ялпи мажлисида Танзила Норбоева маълум қилди.

“Ҳисоб палатаси ҳисоботида кўплаб соҳа ва йўналишлардаги ишларнинг ҳақиқий ҳолати очиб берилганлигини кўрдик. Албатта, кўп ишлар қилинган, муайян натижаларга эришилган. Бироқ, айрим жиҳатлар борки, уларга жиддий ёндашиш зарур.

Ўтган йилги пандемия даври барчамиз учун синов бўлганини кўп бора таъкидладик. Афсуски, ана шундай оғир вазиятда айрим соҳаларда тор манфаатларни устун қўйиш ҳолатлари ҳам кузатилди. Биргина касалликка қарши курашиш тадбирлари ҳамда тиббиёт ва карантин муассасаларини қуришда 367 млрд сўмдан зиёд молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Қиммат нархларда шартномалар тузилган. Айрим ҳолларда маблағлар умуман бошқа йўналишларга сарфланган”, дейди Сенат раиси.

Маълум қилинишича, аҳоли бандлигини таъминлаш масаласида маҳаллий бюджетларнинг прогноздан орттириб бажарилган қисми салмоқли миқдори (40 фоиз) аҳолини иш билан таъминлаш мақсадларига йўналтирилиши белгиланган бўлса-да, айрим ҳудудларда ушбу вазифага масъулиятсизлик билан қаралган.

“Буни қандай тушуниш керак? Андижонда умуман маблағ ажратилмаган. Тошкент вилоятида 3 млрд сўмдан зиёд маблағ ишлатилмасдан банкда сақлаб келинган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолияти ҳам талабга жавоб бермайди. Жамғарма фақатгина давлат бюджетига қараб қолган. Бошқа муқобил манбаларни (халқаро грантлар, ҳомийлар, донорлар ва ҳ.к.) жалб этиш бўйича ҳаракатлар йўқ. 

Чет элда юрган 1,5 минг нафардан зиёд фуқарога жамоат ишларида қатнашди деб 1,4 млрд сўм ёзилган ёки водий туманларида (Тошлоқ, Косонсой) пахта теримида қатнашмаганларга миллионлаб маблағ иш ҳақи сифатида тўлаб юборилганини мутасаддилар нима билан изоҳлашади?” деди Танзила Норбоев.   

Унинг сўзларига кўра, Тошкент, Қашқадарё вилоятларида ишга жойлашганлар сонини ошириб кўрсатиш ёки аввалдан ишлаб келганларни янги ишга жойлашган дея қайд этиш ҳолатлари кузатилган. 

“Бу ўз-ўзини алдашдан бошқа нарса эмас”, дейди Сенат раиси.

Бундан олдин, Танзила Норбоева Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирликлари тизимида ҳудудларда кузатилган молиявий хато ва маблағларни ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари ҳақида гапирганди.

Top