Ўзбекистон | 10:47 / 27.04.2021
4154
2 дақиқада ўқилади

Эндиликда ташқи LED экранлар ёрдамида спорт янгиликлари ҳам ёритиб борилади 

Ўзбекистонда ташқи LED экранлар ёрдамида спорт янгиликлари тез ва сифатли ёритиб борилади. Бу Миллий олимпия қўмитаси ва Ahadmix Group ўртасида имзоланган меморандумда назарда тутилган.

Миллий олимпия қўмитаси мамлакат аҳолиси ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, МОҚ ва Ahadmix Group ўртасида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатлар тўғрисида меморандум имзоланди. Ahadmix Group реклама бизнесида катта тажрибага эга таниқли компания. Шунингдек, ушбу ташкилот Ўзбекистонда спортни оммалаштириш билан ҳам шуғулланади.

Ушбу меморандумни имзолашдан мақсад ташқи LED экранлар ёрдамида спорт янгиликларини тез ва сифатли ёритиб бориш орқали спортни ривожлантириш ва оммалаштиришга ҳисса қўшишдан иборатдир.

Ahadmix Group 11 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда ва ўз йўналиши бўйича доим пешқадамликка интилиб келмоқда. Яқинда компания «Smart City» лойиҳасини ҳам ишга туширди, унга кўра ёрқинликни автоматик бошқариш датчикларига эга такомиллаштирилган LED экранлар орқали об-ҳаво, вақт, валюта курслари, тирбандлик, шунингдек, спортчиларнинг жаҳон ареналарида эришаётган ютуқлари, яқинлашиб келаётган Токио-2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлик ишлари ва бошқа кўплаб фойдали маълумотлар намойиш этилмоқда.

Эндиликда ташқи LED экранлар орқали йўловчилар оқими кўп бўлган жойларда Ўзбекистон спорт оламидаги сўнгги янгиликлар намойиш этиб борилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид