Ўзбекистон | 14:26 / 27.04.2021
9424
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга яна 1 миллион доза вакцина олиб келинди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонга ўзбек-хитой вакцинасидан яна 1 миллион доза олиб келингани ҳақида хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Ҳозиргина Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси томонидан ўзбекистонлик мутахассислар ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг яна 1 миллион дозаси Хитойдан юртимизга олиб келинди», дейилади вазирлик хабарида.

Ушбу вакцинанинг 1 миллион дозалик аввалги партияси Ўзбекистонга шу йилнинг 27 март куни келтирилган эди.

Шу кунгача мамлакатдаги вакцинация жараёнлари учун жами 1 660 минг доза вакцина захирасидан фойдаланилмоқда. Айни пайтгача эмланган 565 минг нафардан ортиқ аҳолининг 46 фоизи, яъни 263 минг нафардан ортиғи ZF-UZ-VAC2001 қабул қилган.

«ZF-UZ-VAC2001 билан эмланиш 65 ёш ва ундан катта ёшдаги эмланувчилар орасида 148 минг нафардан ортиқни, тиббиёт ходимлари орасида 114 минг нафардан ортиқни ташкил қилган. 

26 апрель куни ZF-UZ-VAC 2001 билан эмланган фуқаролар сони 14 522 нафарни ташкил қилиб, ушбу вакцина билан кунлик эмланиш кўрсаткичи 68 фоизга етган», дейилади хабарда.

Бундан аввал Ўзбекистонга вакцинасининг 660 минг дозалик бир партияси ҳамда «Спутник V» вакцинасининг икки партияси келтирилган эди. Россия вакцинасини қўллаш 28 апрелда бошланиши режалаштирилган.

Шунингдек, AstraZeneca вакцинасининг ҳам янги партиясини келтириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Мавзуга оид