00:25 / 30.04.2021
10809

Эрон 2023 йил сентябргача Халқаро дзюдо федерациясида аъзоликдан маҳрум этилди

Фото: Sportface

Эрон дзюдо федерацияси 2023 йил сентябргача Халқаро дзюдо федерациясида (IJF) аъзоликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда IJF матбуот хизмати маълум қилди.  

Эрон дзюдо федерацияси 2019 йил октябрда Японияда ўтган жаҳон чемпионатида эронлик дзюдочи билан юз берган можаро сабабли IJF ёки унга кирувчи миллий федерациялар бошчилигида ўтадиган барча мусобақалардан четлатилганди. Ўша жаҳон чемпионатида Эрон расмий идоралари 81 кггача вазн тоифасида иштирок этган эронлик дзюдочи Саид Муллаийдан исроиллик Саги Муки билан учрашиши мумкинлиги сабабли мусобақалардан воз кечишни талаб қилган. Спортчи ушбу шартга кўниши учун унга ва оила аъзоларига таҳдидлар қилинган. Бироқ Муллаий талабни бажаришдан бош тортган ва мусобақадан кейин ватанига қайтишга қўрқаётганини айтган.

Саид Муллаий
Фото: DPA

IJF ушбу ҳолат юзасидан Эрон дзюдо федерациясига иккинчи марта санкция қўллади.

«Эрон дзюдо федерацияси IJF низоми ва олимпиячиликнинг асосий тамойилларини бир неча марта жиддий бузгани ва бу қоидабузарликлар Спорт ҳакамлик суди комиссияси томонидан тан олинганини эътиборга олиб, унинг Халқаро дзюдо федерациясида аъзолик мақоми вақтинча ортга қайтариб олиниши керак», деб маълум қилинган IJF сайтида.

Эрон IJF’дан 2023 йил 17 сентябргача четлатилди.

Top