16:30 / 30.04.2021
6648

Халқаро аэропортларнинг ижро этувчи органи ваколатлари «Uzbekistan Airports»га берилди

Президент “Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

2021–2022 йилларда “Uzbekistan Airways” АЖ ва “Uzbekistan Airports” АЖда трансформация жараёнларини жадаллаштириш бўйича “йўл хариталари” тасдиқланди.

Молия вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар халқаро аэропортларнинг ижро этувчи органи ваколатларини, истисно тариқасида, шартнома асосида “Uzbekistan Airports” АЖга бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Молия вазирлиги бир ой муддатда “Uzbekistan Airports” АЖ ва халқаро аэропортларнинг ижро этувчи органлари ўртасида халқаро аэропортларни ҳақ эвазига бошқариш тўғрисидаги шартномаларнинг тузилишини ва ички ҳужжатларга зарур ўзгартиришлар киритилишини таъминлайди. Бунда, бошқарувчининг қуйидаги асосий вазифалари назарда тутилади:

аэропортларни ривожлантириш ягона стратегияси ва корпоратив сиёсатни амалга ошириш, аэропортлар фаолиятига методологик раҳбарлик қилиш;

молиявий оқимларни жамлаш, пул маблағларидан самарали фойдаланиш, таннархни пасайтириш ва соф фойдани тасарруф этиш ҳамда харидларни марказлаштирилган ҳолда амалга ошириш;

халқаро аэропортларнинг ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш тартибини (ваколатлар чегараларини) “Uzbekistan Airports” АЖ томонидан белгилаш.

Белгиланишича, “Uzbekistan Airports” АЖ ва унинг таркибидаги халқаро аэропортлар 2021 йил 1 майдан 3 йил муддатга юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулк солиғининг белгиланган ставкаси 50 фоизгача камайтирилади.

Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги уч ой муддатда “Uzbekistan Airports” АЖ таркибидаги халқаро аэропортлар билан давлат мулки ҳисобланган аэродромлар инфратузилмасидан беғараз фойдаланиш тўғрисида шартномалар тузади. Бунда, шартномаларда аэродром инфратузилмасини сақлаш, капитал ва жорий таъмирлаш шартлари назарда тутилади.

Тасарруф этиш ҳуқуқисиз берилган мол-мулк аэропорт активларидан ажратилган ҳолда, балансдан ташқари акс эттирилиши ҳамда мол-мулк ва ер солиқлари бўйича солиқ базасига киритилмаслиги, шунингдек, амортизация ажратмалари ҳисобланмаслиги маълумот учун қабул қилинган.

Аэропортларнинг аэродром комплексларини қуриш, капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилиши, шунингдек, Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, ушбу ишларга сарфланган “Uzbekistan Airports” АЖнинг маблағлари Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилиниши белгиланди.

Молия вазирлиги бир ой муддатда “Uzbekistan Airways” АЖга ажратилган 40 млн АҚШ доллари миқдоридаги фоизсиз бюджет ссудаси маблағларининг 2022 йил 10 майдан бошлаб қайтарилишини кўзда тутган ҳолда, уни қайтариш муддатини 2024 йил 10 февралга қадар узайтиради.

“Ўзмиллийбанк” АЖ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бир ой муддатда “Uzbekistan airways” АЖнинг мос равишда 895 млрд сўм ва 77,73 млн АҚШ долларига тенг бўлган кредитларни қоплаш графикларини, 2021–2023 йил учун қарздорлик (асосий қарз ва фоиз) тўловларини тўхтатган ҳолда, қайта кўриб чиқади.

Молия вазирлиги қарорнинг мазкур банди талабларидан келиб чиқиб, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан кредит мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва “Ўзмиллийбанк” АЖга берилган давлат кафолатларини қайта расмийлаштиради.

Top