Жаҳон | 21:54 / 01.05.2021
8482
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ҳукумати коронавируснинг янги штамми тўғрисидаги огоҳлантиришларга эътибор бермаган — ОАВ

Мамлакатда март-апрел ойларида маҳаллий сайловлар муносабати билан оммавий йиғинлар ва сиёсий акциялар бўлиб ўтганди. Бундан ташқари, ҳукумат бир неча ҳафта давом этадиган Кумбха Мела фестивалини ўтказишга рухсат берган ва унда миллионлаб кишилар қатнашган.

Ҳиндистон ҳукумати мамлакатда аниқланган коронавируснинг янги штамми ўта юқумли экани тўғрисида аввалдан огоҳлантирилган, аммо эпидемияни тўхтатиш учун ҳеч қандай чора кўрмаган. Бу ҳақда Reuters ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Огоҳлантиришга қарамасдан, миллионлаб одамлар диний байрамлар ва бош вазир Нарендра Моди ҳамда сиёсий партиялар етакчилари ўтказган митингларда ниқоб тақмасдан қатнашган. 

Март ойи бошларида Ҳиндистон генетика консорциуми (INSACOG) коронавируснинг янги тури тўғрисидаги огоҳлантиришномани бевосита бош вазирга бўйсунадиган мансабдорга тақдим этган.

INSACOG тадқиқотчилари ҳиндча штамм деб ном олган B. 1.617 вариантини февралда аниқлаган, деди Ҳаёт тўғрисидаги фанлар институти директори ва INSACOG аъзоси Ажай Парида.

INSACOG 10 мартгача ўз хулосаларини соғлиқни сақлаш вазирлигининг касалликларни назорат қилиш марказига берган ва эпидемия тез тарқалиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирган.

Вазирлик орадан икки ҳафта ўтиб бу борада баёнот берган. Баёнотда фақат коронавируснинг янги шакллари тест олиш ва карантин каби чораларни қўллашни талаб қилиши айтилган. Аммо оммавий йиғинларни чеклаш каби кескин чоралар кўрилмаган.

Мамлакатда март-апрел ойларида маҳаллий сайловлар муносабати билан оммавий йиғинлар ва сиёсий акциялар бўлиб ўтганди. Бундан ташқари, ҳукумат бир неча ҳафта давом этадиган Кумбха Мела фестивалини ўтказишга рухсат берган ва унда миллионлаб кишилар қатнашган.

Ҳиндистон коронавирус юқтириш ҳолатлари сони бўйича дунёда иккинчи ўринда турибди. Ўтган суткада 401 993 кишида касаллик аниқланган. Мамлакатда 19,1 миллион ҳолат қайд этилган, 15,6 миллиондан ортиқ киши соғайган, 211 минг бемор вафот этган.

Мавзуга оид