Жаҳон | 12:16 / 03.05.2021
4180
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси виза беришни тўхтатади

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси 12 майдан бошлаб дипломатик визалардан ташқари иммиграцион визаларни беришни тўхтатади.

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси расмий сайтида маълум қилинишича, 12 майдан бошлаб дипломатик визалардан ташқари иммиграцион визаларни бериш тўхтатилади.

«12 майдан бошлаб АҚШнинг Москвадаги элчихонаси кўрсатиладиган консуллик хизматларининг сонини қисқартиради, фақат АҚШ фуқаролари учун фавқулодда хизматлар ва уларнинг муддати тугаган тақдирда иммиграцион визаларнинг чекланган сони тақдим қилинади», дейилган элчихона хабарида.

Ушбу қарор АҚШ фуқароларини ёллашга тақиқ қўйилиши муносабати билан қабул қилинган бўлиб, бу ҳақда 23 апрелда Россия Федерацияси ҳукумати Америка томонига хабар берган.

Элчихоналарда кўрсатиладиган консуллик хизматлари АҚШ фуқаролари учун фавқулодда хизматлар ва жуда чекланган миқдордаги иммиграцион визаларни бериш даражасигача қисқартирилади.

Шунингдек, элчихона Россияда қолган АҚШ фуқароларига, агар Россия визасининг муддати тугаса, 15 июнга қадар мамлакатдан чиқиб кетишни тавсия қилмоқда.

Ўтган ҳафта Россия президенти Владимир Путин Россия фуқароларини элчихоналарда ишлашга жалб қилишга чекланган «дўстона бўлмаган мамлакатлар» рўйхатини яратиш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

Путиннинг фармонига биноан, элчихоналарда расмийлар томонидан белгиланган чегарадан ошиб кетганлар ишдан бўшатилиши керак.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу рўйхатга АҚШ ҳам киритилиши ҳақида огоҳлантирган. Натижада Америка элчихонаси ўз ходимларини 75 фоизга қисқартиришга мажбур бўлган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ элчихонасининг иммиграцион бўлмаган визаларни расмийлаштирмаслик тўғрисидаги қарори деярли ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини айтиб, уларни олишдаги қийинчиликларнинг асосий сабаби Қўшма Штатларнинг дўстона бўлмаган ҳаракатлари эканини таъкидлаган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид