11:47 / 03.05.2021
10032

Сурхондарёда банк масъуллари билан тил бириктириб, сохта ҳужжатлар асосида олинган кредитни ўзлаштирган шахс аниқланди

Сурхондарё вилояти Узун туманида фуқаро банк масъуллари билан тил бириктириб, сохта ҳужжатлар асосида 120 миллион сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштиргани аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Узун туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Б.Х. АТ «Халқ банки» туман филиалининг масъул шахслари билан олдиндан тил бириктиргани аниқланган.

У 4 нафар фуқаронинг ишончига кириб, тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш ва келгусида иш билан таъминлашни ваъда қилган. Сўнг уларнинг хабардорлигисиз ва имзоларини қалбакилаштириш орқали 120 миллион сўм имтиёзли кредит маблағларини олиб, ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top