Спорт | 21:23 / 03.05.2021
24517
2 дақиқада ўқилади

«Тайёргарлик даражаси етарли эмас» — Олимпия ўйинларига тайёргарлик ишлари кўриб чиқилди

Бугунга қадар ўзбекистонлик спортчилар Токиодаги ёзги Олимпия ўйинларига 41та йўлланма олишган.

Президент Шавкат Мирзиёев 3 май куни ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнига оид тақдимот билан танишди.

Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган мазкур нуфузли мусобақага спортчиларимизни тайёрлаш учун кенг шароит яратилган эди. Юқори малакали мутахассислар жалб қилиниб, юзлаб ўқув-машғулотлар ташкил этилди. Бугунги кунгача спортчиларимиз ёзги Олимпия ўйинларига 41 та, Паралимпия ўйинларига 16 та йўлланма олган.

Тақдимотда Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик даражаси етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Май-июль ойларидаги мусобақаларда яна йўлланмаларни қўлга киритиш учун спортчилар ва уларнинг жамоасини қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди. Спортчиларга хизматларни кучайтириш, уларни ҳар томонлама рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Федерациялар фаолиятини такомиллаштириб, жалб қилинган малакали спорт менежерлари билан бирга олимпиадачиларнинг жисмоний, тиббий ва психологик ҳолатини яхшилаш учун ҳар бир спорт тури бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

1 май куни Шавкат Мирзиёев Қибрай тумани ҳудудида барпо этилаётган боғ ҳудудига ташриф буюрган, мазкур боғнинг ёнида Олимпия шаҳарчаси ҳам бунёд этилиши маълум қилинганди. 

Мавзуга оид