14:44 / 04.05.2021
6010

Дориларни таниқли шахс, тиббиёт ходими ёки ташқи кўриниши шифокорга ўхшаш шахс иштирокида реклама қилиш тақиқланмоқда

2021 йил 4 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқди.

Парламент хабарида амалдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун 1998 йилда қабул қилинган бўлиб, ундаги моддалар умумий тусга эга бўлган, ҳозирги барча реалликларни қамраб олмагани айтилади. 

“Реклама билан боғлиқ муносабатларда кейинги йилларда кўплаб янги шартнома-ҳуқуқий муносабатлар таркиб топди. Шунингдек, реклама соҳасига замонавий ахборот коммуникация технологияларининг кенг жорий этилиши, мазкур соҳани янги босқичга олиб чиқишга туртки бўлмоқда. Шундай шароитда мавжуд қонунчилик ҳужжатларини замон талабларига мос равишда ишлаб чиқиш зарурати пайдо бўлмоқда. Юқоридаги муаммоларни бартараф этиш, соҳани янги босқичга олиб чиқиш мақсадида “Реклама тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди”, дейилади маълумотда. 

Қайд этилишича, реклама бозори иштирокчиларига кенг имкониятлар яратиш борасида муайян муносабатларни тартибга солувчи, чекловчи нормалар ҳам киритилмоқда. 

Қонун лойиҳаси билан мобил алоқа тармоғи орқали реклама тарқатилишига фақат истеъмолчи розилиги билан йўл қўйилиши, дори воситасини таниқли шахс, тиббиёт ходими ёки ташқи кўриниши шифокор ташқи қиёфасига ўхшаш шахс иштирокида реклама қилиш, шунингдек, алкогол маҳсулотлари рекламаси тақиқланмоқда. Таркибида шакар, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини реклама қилишни ҳам тақиқлаш кўзда тутиляпти.

Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасини такомиллаштиришда интернет ва ташқи реклама фаолиятининг тартибга солинишига алоҳида эътибор қаратгани айтилади. 

Қайд этилишича, бугунги кунда анъанавий, телевидение ва радио каналлар орқали узатилаётган рекламалардан фарқли равишда, интернет реклама, ташқи рақамли реклама ва бир қанча бошқа реклама турлари пайдо бўлди. Улар ичида энг тез тарқалаётган ҳамда тартибга солиш жиҳатидан энг мураккаби интернет рекламаси ҳисобланиши маълум қилинди.

Депутатлар томонидан интернет рекламани тартибга солиш учун қонунчиликка интернет реклама тушунчасини киритиш, миллий қонунчиликнинг татбиқ этиладиган ҳудудини аниқлаш, Ўзбекистонда интернет рекламани жойлаштиришни тартибга солиш механизмини аниқлаб олиш таклифлари киритилди.

Шунингдек, депутатлар “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилиниши муносабати билан пайдо бўлиши кутилаётган қонуности ҳужжатларда, хусусан рекламанинг жойи, ҳажми, ташқи реклама конструкцияларига бўлган талаблар белгиланадиган низом ва йўриқномалар албатта соҳа мутахассислари, экспертлик хулосалари асосида ишлаб чиқилиши шартлиги тўғрисидаги таклифни илгари сурди.

Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда депутатлар томонидан қабул қилинди.

Top