09:04 / 05.05.2021
7591

Самарқанд ва Наманганда сохта ПЗР-тест натижаларини тайёрлаб сотаётганлар ушланди

Самарқанд ва Наманган вилоятларида фуқароларга сохта ПЗР-тест натижаларини тайёрлаб сотаётганлар ушланган. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 23 апрель куни фуқароларга давлат чегарасидан ўтиш учун коронавирус инфекцияси таҳлили натижалари бўйича қалбаки маълумотномалар тайёрлаб бераётган шахслар фаолиятини фош этиш бўйича ИИВ Транспортда ХТБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда Наманган вилояти СЭО ва ЖСБда Дезинфекция бўлими дезинфектори лавозимида ишловчи, Наманган вилояти Уйчи тумани «Оқтош» МФЙда яшовчи 1979 йилда туғилган С.А. сохта ПЗР-тест натижаларини сотаётганда қўлга тушган. Жумладан, у Н.Х., Д.Ш. ва Х.Қ.дан анализ таҳлиллари олмасдан туриб уларнинг номига расмийлаштирилган маълумотномаларини «холис харидор» Н.Х.га тақдим қилиб, ундан 200 минг сўм олган вақтда ушланган.

Бундан ташқари, 30 апрель куни Транспортда ХТБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд халқаро аэропорти яқинида бир гуруҳ шахслар тезкор тадбирга «мижоз» сифатида жалб қилинган С.га «қисқа муддатда 400 минг сўмга экспресс таҳлил натижасини тайёрлаб бериш»ни таклиф қилган.

Олиб борилган текширув ҳаракатлари натижасида ушбу шахслар «АКМАЛ ТРАНС» МЧЖда киракаш бўлиб ишловчи, Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Хўжақишлоқ маҳалласида яшовчи 1986 йилда туғилган А.Р. ва Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар Булвар даҳасида яшовчи 2005 йилда туғилган О.Н. экани аниқланган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top