09:58 / 06.05.2021
2975

Урушда бедарак йўқолган самарқандлик жангчининг хоки қишлоғига дафн этилди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида яшаган Бобораҳим Абдуллаевнинг хоки уруш тугагандан сўнг 76 йил деганда ўз қишлоғига олиб келинган. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 1922 йилда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида туғилган Бобораҳим Абдуллаев 1941 йил урушга кетган. Уруш тугагач, унинг бедарак йўқолгани тасдиқланган. Бироқ 2020 йил октябрь ойида Россиядаги «Линия фронта» қидирув отряди томонидан Ленинград вилояти, Кировск тумани, Молодцово қишлоғи яқинида Иккинчи жаҳон урушида вафот этган аскарларни қидирув ишлари олиб борилиши натижасида бир аскарнинг жасади қолдиқлари ёнидан топилган ҳужжати ва медальонига кўра Бобораҳим Абдуллаев экани тасдиқланган.

Санкт-Петербург шаҳар ташқи алоқалар қўмитаси бошқармасининг маълумотларига кўра, Ленинград қамали пайтида урушдан, совуқдан ва очликдан 420 минг нафар аҳоли, жумладан, 7 минг нафар ўзбекистонлик аскар вафот этган ва улар шарафига Санкт-Петербург шаҳридаги Пскаревский қабристонида ёдгорлик ўрнатилган.

Она ватанига келтирилган ўзбек ўғлонининг хоки Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги бошчилигида, Каттақўрғон туман ҳокимлиги, фахрийлар, ёшлар ва марҳумнинг яқинлари иштирокида ўзи туғилиб ўсган Энам яхши қишлоғининг қабристонига мусулмонлар удумига кўра қайта дафн этилган.

Top