Ўзбекистон | 08:29 / 12.05.2021
96778
9 дақиқада ўқилади

Иккиламчи бозордаги автомобилни харидор номига расмийлаштириш нега бунча қиммат?

Ўзбекистонда автомобил – шунчаки техника воситаси эмас. Оддий маиший матоҳ салкам муваффақият белгисига айланган. Сабаби ҳаммага маълум – монополия. Аммо бугун монополия ҳақида эмас, иккиламчи бозордан автомобил харид қилгандан кейинги ўта қиммат расмиятчилик, хусусан «гендоверенность» ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Автомобилга зўрға пул йиғиб, янги эмас, минилган машинани бир амаллаб сотиб олган минглаб ҳамюртларимиз ўз мулкига ўзи расман эгалик қилолмай, уловни аввалги эгасининг номида қолдириб, ишончнома орқали ҳайдаб юришни маъқул кўришмоқда.

Бу – адолатсиз прописка тизими амал қилган даврда фуқаро уйини номига ўтказолмай, ўз уйида ўзи ижара шартномаси асосида яшаб юрган кулгили ҳолга ўхшайди.

Иккиламчи бозордан автомобил харид қилганда уни харидор номига расмийлаштиришдаги бундай қиммат тўловлар моддий томондан камтарроқ фуқароларни юқори таваккалчилик ҳисобланган ишончнома тузиш амалиётига ундамоқда.

Бу ишончнома халқ орасида «гендоверенность», расман эса тасарруф қилиш ҳуқуқи билан ишончнома деб аталади.

Келинг, тасаввур ҳосил бўлиши учун аниқ мисол билан кўриб ўтсак.

Мисол сифатида, салондан харид қилинганига 2 йил бўлган Кобалт автомобилини танлаймиз.

Агар автомобил бир жисмоний шахсдан бошқасининг номига ўтказиладиган бўлса, нотариал идорада автомобил олди-сотди шартномаси тасдиқлангани учун давлат божи (1 млн 470 минг сўм), герб йиғими (24,5 минг сўм), пуллик ва техник хизматлар кўрсатилгани учун тўланадиган ҳақ биргаликда камида 1 млн 629 минг сўмни ташкил этмоқда.

Ишончнома тузилган тақдирда эса – жами харажатлар камида 857 минг сўмни ташкил этмоқда.

Демак, ушбу икки хил битимларни нотариал идорада тасдиқлашнинг ўзида 772 минг сўмлик фарқ ҳосил бўляпти.

Афсуски, харажатлар шу билан тугамайди. Энди «ГАИ»га бориб рақам, техпаспорт олиш, давлат рўйхатидан ўтказиш учун бундан ҳам каттароқ харажат қилишга тўғри келади.

Ушбу суммалар:

  • олди-сотди шартномаси тузилган автомобил бўйича – ўртача 3 млн сўмни;
  • ишончнома тузилса, 0 сўмни ташкил этмоқда. Яъни, ишончнома тузилгани учун бу ерда ҳеч қандай харажат қилинмайди.

Кўриб турибмизки, ишончнома ушбу жараёнда нисбатан харажати камроқ амалиётга айланади ва камчиқим фуқароларни ўзига оҳанрабодай тортади.

Натижада, 2 ёшли Кобалтни:

  • ўз номига расмийлаштириш – жами 4 млн 629 минг сўмга;
  • ишончнома асосида олиш – жами 857 минг сўмга тушмоқда.
  • Жами фарқ – 3 млн 772 минг сўм.

3 млн 772 минг сўмлик фарқ нафақат иқтисодий шароити камтарроқ фуқароларни, балки ўртамиёна фуқароларни ҳам автони ўз номига расмийлаштирмай, расман аввалги эгасининг номида қолдириб, кейинчалик имкон топилиши билан ўз номига ўтказиб олиш мақсадида ишончнома тузишга ундамоқда.

Аммо ишончнома автомобилни харидор номига ўтказиб бермайди. У расман аввалги эгасида қолаверади.

Келинг, бу борада нотариус Комила Азимованинг фикрларини тинглаймиз.

Комила Азимова

«Нотариал идорамизга мулк эгалари ва иккинчи тараф, яъни сотиб олувчилар келиб, кўп ҳолларда иккинчи тараф автотранспорт воситасини амалда сотиб олаётганига гувоҳ бўламиз. Кўрамизки, расмийлаштириш чоғида олди-сотди шартномасини тасдиқлаш учун давлат божини тўлашга сотиб олувчининг имконияти бор, лекин «ГАИ»да тўлов қимматлиги ва шартнома расмийлаштирилганидан кейин 10 кун ичида фуқаро ўзининг номига янги «техпаспорт» олиши кераклиги, йўқса унга маъмурий жавобгарлик қўлланиши сабабли ушбу ҳолатларни четлаб ўтиш мақсадида биздан сотиш ҳуқуқи билан ишончнома расмийлаштириб беришни сўрайди.

Албатта, биз фуқарога сотиш ҳуқуқи билан ишончнома расмийлаштирганда бунинг салбий ҳолатларини тушунтирамиз», – дейди Комила Азимова.

Унга кўра, ишончноманинг салбий жиҳатларидан биринчиси – агар ишончнома берувчи шахс вафот этса, ушбу ҳолатда ишончнома бекор бўлиши билан бирга, вафот этган шахс ишончнома олган шахсга пулини ва мулкини қайтариб бера олмай қолади.

«Олди-сотди шартномаси тузилганда фуқаро ўзининг пулини ҳимоя қилиб қўяди: мулк ҳақиқатан сотилгани, сотган шахс ҳақиқатан пулини олгани шартномада кўрсатиб ўтилади. Ишончномада эса бундай шартлари йўқ», – дейди Комила Азимова.

Унинг қўшимча қилишича, иккинчи салбий ҳолат шундан иборатки, ишончнома берган шахс қандайдир сабабларга кўра, нотариал идорага келиб, ишончномани бекор қиладиган бўлса, ишончнома олган шахс бу автомобилни на сота олади ва на бошқара олади, автомобил эгаси ишончнома берган шахсга қайтади.

Автомобилни олди-сотди шартномаси орқали бошқа шахсдан ўз номига ўтказишда харажатлар бизга яқин айрим давлатларда қандай эканини кўриб ўтсак.

Иккиламчи бозордаги автомобилни ўз номига ўтказиш учун:

  • Россияда – автомобилнинг аввалги давлат рақами сақлаб қолинадиган бўлса, 850 рубль (119 минг сўм), янги давлат рақами олинса, 2850 рубль (400 минг сўм);
  • Қозоғистонда – 12 542 тенге (307 минг сўм);
  • Қирғизистонда – 450 қирғиз соми (56 минг сўм) харажат қилинади.

4 млн 629 минг сўм ва юқоридаги суммаларни ўзингиз солиштириб олаверинг.

Бундан ташқари, юқоридаги давлатларда иккиламчи бозордан автомобил харид қилганда олди-сотди шартномасини нотариал тасдиқлаш мажбурий эмас.

Бизда эса мажбурий бўлиши билан бирга, тушунарсиз равишда автомобил «ёши» ва двигател қувватининг неча от кучилигига қараб давлат божи ва ЙҲХБдаги тўловлар ошиб боради.

Эътиборингизни бир статистикага қаратмоқчимиз.

Ўзбекистонда 2020 йил давомида нотариуслар 781 425 та ишончнома расмийлаштирган бўлиб, шулардан 400 677 тасиавтомототранспортни тасарруф этиш ҳуқуқи билан берилган ишончномаларга тўғри келади. 2020 йилда расмийлаштирилган автомобил олди-сотди шартномалари эса 319 565 тани ташкил этмоқда.

Яъни бир йилда фуқароларимиз 319 565 та автомобил олди-сотди шартномаси, 400 677 та ишончнома тузяпти.

Ўзаро нисбатни кўряпсизми? Даҳшат-а?

Аслида юқоридаги жами 720 242 та ҳолатда ҳам битимлар автомобилни бошқа шахсга ўтказиш мақсадида тузиляпти. Аммо, инсофсиз даражада ўрнатилган тўловлар автомобил харидорларининг ярмидан кўпини ишончнома тузишга мажбурлаяпти.

Юқоридаги ҳолатлар натижасида бир қатор саволлар туғилади:

  • Нега нисбатан арзонроқ автомобиллардан каррасига қиммат турадиган квартирани иккиламчи бозордан олди-сотди қилганда ўз номига расмийлаштириш ўртача 400 минг сўмга тушади-ю, иккиламчи бозордан автомобил олди-сотди қилмоқчи бўлганлар «соғин сигир» ролига солиб қўйилади?
  • Автомобилга мулк ҳуқуқини расмийлаштиришдаги тўловлар нимага асосланиб бунчалик баланд ўрнатилган? Бу хизматларни бажариш вагондан кўмир туширишдай оғир машаққатли иш эмас-ку?
  • Қайси мантиққа кўра, автомобилни расмийлаштиришда унинг ёши ва двигател ҳажмига қараб харажатлар кескин ошиб боради?
  • Бундай баланд суммаларнинг ўрнатилгани мулк ҳуқуқининг сунъий равишда чекланиши эмасми?

Айрим ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак.

Бир фуқаро бир неча йил олдин ўз Москвичини бошқа бир кишига 6 млн сўмга сотган. Москвич харидори уни ўз номига расмийлаштириш учун эса 3 млн харажат қилган. Уловидан тушови қиммат, деб шунга ўхшаш ҳолатларга айтилса керак.

Биз билан суҳбатда бўлган бошқа бир киши 2 йил аввал Ласетти автомобилини амалда пулини тўлаб сотиб олгани, бироқ расмийлаштириш харажатларидан қочиб ишончнома билан автомобилдан фойдаланиб келганини ва яқинда Ласеттини унга сотган кишининг кутилмаганда вафот этиб қолганини сўзлаб берди. Унинг қўшимча қилишича, марҳумнинг ортида рафиқаси ва 6 нафар фарзанди қолган ва уларнинг иккитаси ҳозирда Туркияда. Суҳбатдошимиз эндиликда марҳумнинг турмуш ўртоғидан ва 6 нафар фарзандларининг барчасидан розилик олмагунча автомобилни ўз номига расмийлаштиролмайди. Икки фарзанднинг Туркияда экани ишни янада қийинлаштиради. Ушбу ҳолатда марҳумнинг рафиқаси ва фарзандлари инсофли, диёнатли одамлар бўлса хўп, хўп, лекин бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган бўлса, суҳбатдошимиз Ласеттига тўлаган пулига куйиб қолиши ҳеч гап эмас.

Юқоридаги воқеаларни эшитиб, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайди киши.

Иккиламчи бозордан автомобил олди-сотди қилмоқчи бўлганларга бундай қийин шароит яратилишига сабаблардан бири, балки, аҳолининг иккиламчи бозорга ўзини уришидан қайтариб, UzAuto Motors'дан янги автомобил харид қилишларига «йўлак» ҳосил қилишдир?

Хулоса ўрнида, фуқаролардан автомобил сотиб олганда ишончнома тузишда эҳтиёт бўлишга чақирмоқчимиз. Зеро, автомобилга пул тўлаганингиз билан ишончнома тузадиган бўлсангиз, автомобил расман аввалги эгасида қолаверади ва у исталган вақт ишончномани бекор қилиб, автомобилни ўзига қайтариб олишга ҳақли.

Ва албатта, расмийлардан автомобилни харидор номига расмийлаштиришдаги отнинг калласидай харажатларни қайта кўриб чиқиб, инсоф билан белгилашларини сўраб қоламиз.

Муаллиф – Аббос Салайдинов
Сухандон – Раҳматилло Исроилов
Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов

Мавзуга оид