10:29 / 12.05.2021
3345

Самарқандда нотариусдан товламачилик билан 33 000 доллар олаётган шахс қўлга олинди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида нотариусдан товламачилик билан 33 000 доллар олаётган шахс қўлга олинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 7 май куни Самарқанд вилояти ИИБга, Каттақўрғон шаҳрида ишловчи нотариус ариза билан мурожаат қилган. У ўз аризасида Каттақўрғон шаҳрида яшовчи М.Ш. 2020 йил сентябрдан буён фуқаролар ўртасидаги уй-жой олди-сотди шартномасини ноқонуний расмийлаштирганини рўкач қилиб, жиноий жавобгарликка торттириб, қаматиб юбориш билан қўрқитиб келаётганини билдирган. Жумладан, М.Ш. тергов органига бориб нотариуснинг айби йўқлигини ёзиб бериб, тинч қўйишини айтиб, эвазига ундан товламачилик йўли билан 38 000 АҚШ доллари талаб қилган.

Аризага асосан ўтказилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, Каттақўрғон шаҳар кадастр ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари бўйича жиноят иши мавжудлиги, жиноят иши юзасидан хусусий нотариуснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги аниқланган. 

Шундан сўнг 7 май куни Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ ҳамда ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчасида тезкор тадбир ўтказилиб, Каттақўрғон тумани «Баланд Чордара» МФЙда яшовчи М.Ш. нотариусдан 33 000 долларни товламачилик йўли билан олаётган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top