17:12 / 15.05.2021
3320

Самарқандда банкоматдаги пулларни ўмармоқчи бўлган шахс жиноят устида қўлга тушди

Самарқанд вилояти Иштихон туманида банклардан бирининг банкоматини бузиб, ичидаги пулларни ўмармоқчи бўлган йигит жиноят устида қўлга тушган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 15 май тунги 02:00 да Самарқанд вилояти Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармаси Иштихон тумани бўлими масъул ходимлари томонидан видеокузатув монитори орқали Халқ банки Иштихон филиалига қарашли банкомат олдида номаълум шахснинг қўлида темир жисм билан турганлиги аниқланган.

Ўз вақтида воқеа жойига етиб борган Иштихон тумани Қўриқлаш хизмати тезкор гуруҳ ходимлари томонидан ушбу шахс банкомат эшигини бузишга ҳаракат қилаётган вақтида қўлга олинган.

Олиб борилган дастлабки суриштирув натижасида ушбу шахс Иштихон туманида яшовчи 1996 йилда туғилган фуқаро М.И. эканлиги маълум бўлган. Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан суриштирув ишлари давом этмоқда.

Top