11:26 / 17.05.2021
1201

Деҳқонободда туман депутатлигига ўтказилган сайловда фуқаро бир неча бюллетенни қутига ташлашга уринган

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида Халқ депутатлари туман Кенгашининг бўшаб қолган ўрни учун ўтказилган сайловда фуқаролардан бири 15–20тача бюллетенни қутига ташлашга уринган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 16 май, якшанба куни Халқ депутатлари Деҳқонобод туман Кенгашининг бўшаб қолган 29-Бўстон сайлов округи депутатлигига сайлов бўлиб ўтган. Сайловчилар 40-мактаб биносидаги 209-, «Бўстон» МФЙда 85-мактаб биносида жойлашган 223- ҳамда «Ойдин йўл» МФЙ Тиббиёт коллежи биносидаги 224-сайлов участкасида ўзига маъқул номзодга овоз берган.

«Бўстон» МФЙдаги 85-мактаб биносида жойлашган 223- ҳамда Тиббиёт коллежи биносидаги 224-сайлов участкаларида сайловчиларга бир нечтадан бюллетен берилгани маълум бўлди. Бир сайловчи 15-20талаб овоз беришга уринган ҳолат кузатилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатни ўз кўзи билан кўрган ва вазиятга гувоҳ бўлган 224-сайлов участкаси раиси кўзбўямачиликни аниқлаган матбуот ходимига «муаммо қилмасликни» маслаҳат берган.

«Бўстон» МФЙ раиси Тоғаймурод Тожиевнинг маълумот беришича, депутатликка сайлов ўтказилаётган 85-мактабдаги 223-сайлов участкасида ҳеч бир номзоднинг дастури ёки таржимайи ҳоли сайловчиларга кўринадиган жойга осиб қўйилмаган.

«Номзодларимизда на дастур бор, на таржимайи ҳол. Ҳеч бири сайловчилар билан учрашмаган. Сайловчиларга таклифнома ҳам берилмаган. Баъзи бир сайловчилар туман ҳокимлиги Telegram-каналидаги эълонни ўқиб, бугунги сайлов ҳақидаги хабарни кўриб сайловга келяпти. Келганларининг ҳам аксариятида фуқаролик паспорти йўқ. Шундай бўлса-да, уларга овоз бериш учун сайлов бюллетенлари берилмоқда. Энг ёмони бир сайловчи бир нечта бюллетенни олиб, овоз беришга уринмоқда. Ими-жимида бундай, кўзбўямачилик қилиб сайлов ўтказилишида туман cайлов комиссияси раиси ва масъулларининг айби бор», — деган МФЙ раиси.  

Top