Ўзбекистон | 15:13 / 24.02.2024
21370
2 дақиқада ўқилади

Деҳқонобод туманига 4 ой ҳокимлик қилган Акром Сулаймонов лавозимидан озод қилинди

У Қарши туманига ҳоким қилиб ўтказилган Зоир Алиқулов ўрнига 2023 йил 26 октябрь куни Деҳқонобод тумани ҳокими этиб тайинланганди.

Фото: Деҳқонобод тумани ҳокимлиги

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани ҳокими Акром Сулаймонов лавозимидан озод қилинган. Бу ҳақда унинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида эълон қилган.

Азизлар, меҳнат фаолиятимда навбатдаги ўзгаришлар сабаб Деҳқонобод туманини тарк этдим. Қисқа вақт бўлса-да, менга ишонч билдириб, ўз яқини, ака-укасидек кўргани учун барча фахрийларимизга, ҳамкасбларимга, айниқса, самимият ва меҳмондўстлик учун барча Деҳқонобод тумани аҳлига чин юракдан миннатдорлик билдираман.

Афсусдаман, барчангиздан узр сўрайман, ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп эди, қаердадир тугалланмаган ишларимиз қолди, ўйлайманки, янги ҳокимимиз бу ишларни давом эттиради.

Менга берган амалий ёрдамингиз, қўллаб-қувватлаганингиз, умуман, ҳамма-ҳаммаси учун яна бир бор раҳмат сизларга. Яратган эгам барчангизни ўз паноҳида асрасин”, деб ёзган у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, бугун, 2024 йил 24 феврал куни бўлиб ўтиши режалаштирилган Халқ депутатлари Деҳқонобод тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туманга янги ҳоким тайинланиши кутилмоқда.

Маълумот учун, Акром Сулаймонов 2023 йил 26 октябр куни Деҳқонобод туманига ҳокими этиб тайинланганди.

Унгача у Шаҳрисабз шаҳар ҳокими лавозимида фаолият юритган.

Мавзуга оид