Ўзбекистон | 22:05 / 17.05.2021
16688
6 дақиқада ўқилади

Репортаж: Ўзбекистонда илк марта онлайн Қуръон мусобақаси ўтказилди

16 май куни Тошкент шаҳридаги Дубай ресторанида AzonTV томонидан Зайниддин қори Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишлаб «Қуръони Карим мусобақаси – 1442» финал босқичи бўлиб ўтди. Kun.uz мухбири ташкилотчилар, иштирокчилар ва томошабинлар билан суҳбатда бўлди.

Қорилар мусобақаси ташкилотчиси, AzonTV асосчиси Мубашшир Аҳмаднинг сўзларига кўра, масъуллар аҳолининг Қуръони каримни ўрганишидан қўрқмаслиги лозим.

«Ушбу йилда ўтказилаётган Қуръон мусобақаси ўзига хос тарзда бўлди. Сабаби Қуръон мусобақаларини бутун дунёда жуда катта тантана билан ўтказадиган мамлакатлар ҳам пандемия шароити туфайли ўтказа олмади. Лекин бизнинг диёримизда бу анъана давом этди. Бошқа бирор давлат онлайн Қуръон мусобақасини ўтказгани ҳақида эшитмадик, Ўзбекистонда шу нарса амалга ошди. Қолаверса, иштирокчиларнинг кўплиги туфайли бу тадбир янада қизиқарли бўлди.

Мубашшир Аҳмад

Мингдан ошиқ қори саралаш босқичларида қатнашди, уларнинг ичидан танлаб олинган 280 нафар қори онлайн мусобақаларда иштирок этди. Булардан ҳам 28 нафари танлаб олиниб, уларнинг ўртасида бугун якуний босқич ўтказилди.

Маълумки, ҳар бир иш бошланишида мукаммал бўлмайди, камчиликларга йўл қўйилиши мумкин. Бироқ олдинги Қуръон мусобақаларидан чиқарилган хулосалар асосида, қориларнинг ҳам бу мусобақага қизиқишлари бошқача бўлгани илгари ўтказилган мусобақалардан фарқланади.

Авваллари саралаш босқичлари қорилар яшайдиган минтақада ўтказилган бўлса, энди Тошкентдаги студиямиздан туриб саралаш босқичлари ўтказилди. Бунда қориларимиздан нафақат Қуръон тўғрисидаги билимлари, балки замонавий алоқа воситалари, технологияларини ҳам билиш талаб этилди. Яна йилдан йилга мусобақаларнинг савияси ошгани учун олдинги мусобақалардан кўра қориларнинг Қуръон ёдлаш, тажвид борасидаги илмлари мукаммаллашганига гувоҳ бўлдик.

Бошида биз ҳафтасига икки йўналиш бўйича 20 нафар қорини имтиҳон қиламиз, деб ўйлаган эдик. Биринчи ҳафтада мингдан ортиқ қори ариза топширди. Бу биз кутганимиздан 10-12 баравар кўп ва қизиқиш катта эканини кўрсатади.

Алҳамдулиллаҳ, юртимиздаги очиқлик сиёсати туфайли Қуръон курслари ташкил этилди, масжидларимизда ҳам имомларимиз қўлларидан келганча таълим беришяпти. Ўқув марказларида араб тили бўйича таълим олганлар Қуръон ҳарфларини танишади, келажакда масжидлар қошида яна Қуръон курслари очилишидан умид қиламиз.

Бу ҳар томонлама яхши иш бўларди, инсон қалбига Қуръон кириб борар экан, яхшилик қилишни хоҳлайди. Жамиятда эзгулик кенг тарқалади. Шунинг учун масъулларга мурожаат қилиб айтар эдимки, Қуръони каримдан қўрқмаслигимиз керак. Қуръон одобимиз, ахлоқимизни кучайтиради», – дейди уламо.

Мусобақа бош ҳаками Ҳасанхон қори Яҳё Абдулмажид ҳам Kun.uz'га ўз фикрларини билдириб ўтди.

Ҳасанхон қори Яҳё Абдулмажид

«Баъзи ҳудудларда интернет тезлиги сифатли ва етарли даражада бўлмагани учун айрим қориларимиз қатнаша олмади. Саралаш босқичларида қорилар ўз уйларидан туриб алоқага чиқишди ва бироз ҳаяжондан холи ҳолда, эркин жавоб бера олишди. Иккинчи томондан, ҳакамларга масъулиятни оширди, чунки овозлар билвосита техник қурилмалар воситасида эшитилди ва баҳолашда бироз мураккабликлар кузатилди, лекин алҳамдулиллаҳ, ҳакамлар катта тажрибага эга экани қўл келди.

Албатта, бу мусобақа кейингилари учун улкан тажриба бўлиб хизмат қилади. Яна шу каби қорилар мусобақасида иштирок этиш истаги туғилган юртдошларимизга Қуръони карим тажвид илми ва мақомларини пухта эгаллашларини, дунё тан олган устоз қорилар қироатларини кўп эшитишларини тавсия этиб қоламан», – дея фикр билдирди мусобақа бош ҳаками Ҳасанхон қори.

«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Муҳаммадаминхон Нажмиддинов мусобақадаги иштироки ва ўзининг Қуръон билан бўлаётган сафари ҳақида айтиб берди.

Муҳаммадаминхон Нажмиддинов

«Мен Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилиб ўсганман. 2019 йилда «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртига ўқишга кириб биринчи курсда Қуръони каримни тўлиқ ёд олдим.

Мазкур Қуръон мусобақаси ўтказилиши ҳақида эшитиб жуда ҳам хурсанд бўлдим ва унда иштирок этишга қарор қилдим. Мен қорилар мусобақасида тиловат йўналишида иштирок этяпман», – дейди у.

Устоз Яҳё қори Турдиев яқин-яқинларгача Қуръон мусобақалари ўтказиш мумкин бўлмагани ҳақида сўз юритди.

Яҳё қори Турдиев

«Қуръон мусобақаси ёшлар учун бир карра яхши бўлса, биз ёши катталар учун ниҳоятда улкан ҳодиса бўлди десам янглишмайман. Ёшим 85га бораётган бўлса, авваллари хаёлимизга ҳам келмас эди. Бу каби мусобақаларни президентимиз ўзлари бошлаб берган эдилар, ана энди халқимиз ўзи ҳам қорилар мусобақасини ташкил қила бошлади.

Қуръонни ҳамма ўқиши керак. Бунинг учун аввало ота-онанинг саъй-ҳаракати зарур бўлади, ота-онада дин мустаҳкам бўлиши лозим. Кейин устозларнинг меҳнати ва қорининг жидд-у жаҳди керак.

Қуръон билан ҳамнафас одамда ёмон иллатлар, ўғрилик, порахўрлик бўлмайди. Биз ҳам болаларимизни шундай йўл билан тарбияласак, ёшлигидан Аллоҳдан қўрқиб ўша ишларни қилмайдиган инсон бўлиб етишади», – дейди Яҳё қори Турдиев.

Мусобақа ғолиблари ҳақидаги дастлабки хабаримиздан маълум олишингиз мумкин:

Мавзуга оид