14:07 / 19.05.2021
1477

Самарқандда танишининг 121 миллион сўм пулини ўзлаштирган фирибгарга жиноий иш қўзғатилди

Фото: Тергов департаменти

Самарқанд вилояти Самарқанд туманида танишининг 121 миллион сўмлик 19 тонна темир арматурасини олиб, пулини бермай келаётган фирибгарларга жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 43 ёшли фуқаро З.Махмур Самарқанд вилояти ҳокимига ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг танишлари бўлган фирибгарлардан 121 миллион сўм пулини ундира олмай юрганини маълум қилган.

Мурожаатда ёзилишича, 2020 йилнинг март ойларида З.Махмур Самарқанд тумани Ўрташиқ маҳалласида жойлашган ўзига тегишли МЧЖ омборидан танишлари 23 ёшли И.Шерзод ва Х.Муродиллолар 10 кун давомида пулларини бериш шарти билан 1 тоннаси 6.400.000 сўмдан бўлган жами 121.600.000 сўмга тенг 19 тонна темир арматураларини олиб кетиб, ҳанузгача турли баҳоналарни важ қилиб, пулларини бермасдан келаётганликларини маълум қилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Таъкидланишича, жиноят иши доирасида жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, тарафларнинг важлари ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top