Жамият | 14:10 / 19.05.2021
2360
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда қарийб 13 тонна чигит маҳсулотини ўғирлаганларга жиноий иш қўзғатилди

Фото: Тергов департаменти

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида қарийб 13 тонна чигит маҳсулотини ўғирлаганларга жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 45 ёшли Х.Акбар Қумқўрғон тумани ИИБ бошлиғига мурожаат қилиб, 2021 йилнинг апрел ойи бошларида ва 1 май тунда Қумқўрғон туманида жойлашган ўзига тегишли МЧЖ омборхонасида сақланаётган ҳосил учун тарқатилишидан қолган жами 12.929 килограмм дориланган чигитни номаълум шахслар ўғирлаб кетганини маълум қилган.

Қайд этилишича, олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Қумқўрғон туманида яшовчи фуқаролар 29 ёшли М.Шоҳрух, 33 ёшли Т.Отабек, Х.Абдуғани ва 27 ёшли Х.Улуғбеклар содир этганликлари аниқланган. Улардан ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган пахта чигитини ажратиш цехи, 67 килограмм пахта, 624 килограмм дориланган чигит ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Қумқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят кодексининг 169-модда 2-қисми «в,г» бандлари (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид