Жаҳон | 22:28 / 20.05.2021
8736
1 дақиқада ўқилади

Ҳиндистондаги ёмон об-ҳаво вақтида юздан ортиқ киши ҳалок бўлди

 Ҳиндистон ғарбига ёпирилган Тауктае циклони юздан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди.

Циклон вақтида Мумбай соҳиллари яқинида бортида 261 киши бўлган баржа чўкиб кетган. Бунинг оқибатида 37 киши ҳалок бўлган, 38 киши бедарак йўқолган, қолганларни қутқаришга муваффақ бўлинган.

Ёмон об-ҳаво билан боғлиқ бошқа кўнгилсиз ҳодисаларда, жумладан, иморатлар қулаши ва дарахтлар ағдарилиши оқибатида 81 киши ҳалок бўлган. Хусусан, Гужарот штатида 51 киши, Махараштрада 18 киши, Гоа, Карнатака ва Керала штатларида умумий ҳисобда 10 киши ҳалок бўлган.    

Бундан ташқари, Гужаротда 16,5 мингга яқин уйга шикаст етган, ҳукумат 200 мингдан кўпроқ кишини эвакуация қилган.

Тауктае циклони 210 км/соатгача тезликдаги шамоллар олиб келган. Ёмон об-ҳаво сабабли портлар, аэродромлар ва баъзи асосий автомобил йўллари ёпилган.

Циклон Ҳиндистонда 4 кундан бери давом этмоқда. У жорий йил бошидан бери энг кучли циклон деб аталган. Баъзи ҳудудларда ёмон об-ҳаво электр таъминотининг узилишига олиб келган.

Мавзуга оид