Ўзбекистон | 10:10 / 04.04.2026
2506
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Ўзбекистонда бодомзорлар ташкил этади

Ҳиндистоннинг Shayana Farm компанияси Ўзбекистонда фармацевтика соҳасидаги фаолиятини кенгайтириш билан бирга, аграр йўналишда ҳам янги лойиҳаларни бошлашни режалаштирмоқда. Хусусан, компания Наманган вилоятида бодом етиштириш бўйича инвестиция ташаббусини ишлаб чиқмоқда.

Фото: Дунё

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев Shayana Farm компанияси раиси Ашок Кумар Тивари билан учрашув ўтказди.

Учрашувда ҳинд компаниясининг Ўзбекистондаги мавжуд ва истиқболли лойиҳалари муҳокама қилинди. Компания мамлакат фармацевтика тармоғида қарийб 25 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.

Қайд этилишича, 2017 йилда Тошкент шаҳрида 4 миллион доллар инвестиция ҳисобига ишга туширилган Will Med Farm корхонаси айни пайтда мамлакатда оммабоп «Кюпен» препаратини ишлаб чиқариш бўйича етакчи корхоналардан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган Tashkent Pharma Park инновацион кластери ҳудудида қиймати 21 миллион доллар бўлган янги замонавий завод қурилмоқда. Томонлар ушбу лойиҳа доирасида инвестиция ҳажмини яна 6 миллион долларга ошириш имкониятини ҳам муҳокама қилди.

Ҳиндистонлик тадбиркор фармацевтика билан чекланиб қолмасдан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятида эканини билдирди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон аграр секторда катта салоҳиятга эга бўлиб, бу ерда етиштириладиган маҳсулотларга Ҳиндистонда талаб юқори.

Компания айни пайтда Ўзбекистондан қуруқ мевалар, дуккакли маҳсулотлар ва шифобахш каврак ўсимлигини экспорт қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Шунингдек, Ҳиндистонда бодомга бўлган талаб юқори экани инобатга олиниб, Наманган вилоятида бодом етиштиришга қаратилган инвестиция лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Учрашувда ҳинд капитали Ўзбекистонни узоқ муддатли ишлаб чиқариш ва технологик ўсиш учун ишончли майдон сифатида кўраётгани таъкидланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид