20:57 / 24.05.2021
6003

Литва Беларусь устидан учиб ўтувчи самолётларни қабул қилмаслигини айтди

Фото: REUTERS / Andrius Sytas

Литва Беларусь устидан учиб ўтувчи самолётларни ўз аэропортларида қабул қилмайди. Литва бош вазири Ингрида Шимоните Минск аэропортида беларуслик мухолифатчи журналист ва Nexta Telegram-канали асосчиси Роман Протасевичнинг ҳибсга олинишига изоҳ бериш давомида буни маълум қилди.

Тақиқлов 25 май маҳаллий вақт билан соат 3дан кучга киради.

23 май куни Ryanair авиакомпаниясининг Афинадан Вильнюсга учаётган самолёти «миналаштириш» ҳақидаги ёлғон хабардан кейин Минскда фавқулодда қўндирилган. Самолёт бортида Роман Протасевич бўлган ва у Беларусь махсус хизматлари томонидан ҳибсга олинган.

Самолёт бортида дастлаб 126 киши бўлган, бироқ Вильнюсда ундан 121 киши тушган. Ryanair бош директори Майкл О`Лирининг таъкидлашича, самолётда Беларусь Давлат хавфсизлик қўмитасининг бир неча ходими бўлган ва улар Минскда тушиб қолишган. Протасевич билан бирга унга ҳамроҳлик қилган қиз – россиялик София Сапега ҳам ушланган. Таъкидланишича, яна 3 россиялик йўловчи Минскда ушлаб қолинган.

Ушбу воқеадан кейин 8та давлат парламентларида Беларусь устидан парвозларни тақиқлаш талаб қилинган. Минскда эса Европа Иттифоқи Беларусь орқали парвозларни тақиқламаслигига умид қилишлари таъкидлаб ўтилган.

Роман Протасевич Nexta’нинг яна бир асосчиси Романом Путило билан бирга 2020 йил ноябрда халқаро қидирувга берилган. Tut.by портали маълумотларига кўра, Протасевичга Беларусь жиноят кодексининг бир нечта бандлари, жумладан, «Оммавий тартибсизликлар учун жавобгарлик», «Жамоат тартибини қўпол бузувчи хатти-ҳаракатларни ташкиллаштириш» бўйича айблов қўйилмоқда. Ушбу бандлардан ҳар бири 2 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси берилишини кўзда тутади.

Мавзу
Афина-Вильнюс рейси можароси
Минскда Nexta мухолифатчи Telegram-канали собиқ муҳаррири Роман Протасевич қўлга олинди. У учаётган самолёт бомба ҳақидаги хабар туфайли Беларусга фавқулодда қўндирилди. Қўниш ҳақидаги қарорни Лукашенконинг шахсан ўзи «Европани ҳимоя қилиш» учун қабул қилган
Барчаси
Top