Иқтисодиёт | 11:19 / 25.05.2021
8804
8 дақиқада ўқилади

“Ўзмиллийбанк”: Хоразм вилоятида ўтказилган пресс-тур якунлари

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб, юртимиз иқтисодиётига муносиб улуш қўшиб, аҳоли бандлигини таъминлаётган корхоналардан бирининг фаолияти билан танишдилар.

Урганч шаҳридаги “Urg tex” масъулияти чекланган жамияти йилига 6 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, бизнес лойиҳага кўра, 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги маҳсулот экспорт қилинади. Маҳсулот экспорти асосан Хитой, Туркия, Россия давлатларига амалга оширилмоқда.

Корхонада 450 нафар киши меҳнат қилмоқда. “Ўзмиллийбанк”  томонидан ажратилган 8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит эвазига Германия давлатидан замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилди.

Маълумотларга қараганда яқин келажакда корхонада ип-калава ишлаб чиқариш билан бирга тайёр кийим-бош, трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада яна қўшимча равишда 400 нафар кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланади.

“Urg tex” МЧЖ  юртимиз иқтисодий салоҳиятини оширишда ўзига хос ўрни бор. Қолаверса, енгил саноат ривожида ўзига хос тармоқ бўлган хомашёни қайта ишлаш ва ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилиш борасида юртимизда амалга оширилаётган дадил қадамларнинг амалдаги ифодасидир.

Навбатдаги манзил Хива шаҳридаги “Нуруллабой” тарихий мажмуаси ҳудудида жойлашган Хива банк хизматлари маркази бўлди. Таъкидлаш керакки, мазкур марказ томонидан таклиф этилаётган хизмат турлари нафақат маҳаллий аҳоли балки қадимий Хиванинг тароватидан баҳра олиш мақсадида ташриф буюрган сайёҳларнинг ҳам оғирини енгил қилиб келмоқда.

Маълумки, республикамизнинг аҳолига қулай бўлган ҳудудларида ихчам банк хизматлари марказлари ташкил этилмоқда. Янгидан ташкил этилган банк хизматлари марказлари ҳодимлари томонидан мижозлар ва аҳолига барча турдаги банк хизматларини, шу жумладан, ҳисоб рақамларга хизмат кўрсатиш, юридик шахсларга “I-Bank” дастури ва жисмоний шахсларга “Milliy” мобил иловаси орқали масофадан туриб тўловларни амалга ошириш, онлайн конвертация қилиш амалиётларини ва шу каби бошқа банк хизматлари сифатли кўрсатилиши режалаштирилган.

Хоразм вилояти юртимиздаги туристик салоҳияти ривожланган ҳудудлардан бири бўлиб сайёҳлар, маҳаллий зиёратчилар кўп жойда меҳмонхоналар орасида соғлом рақобат юзага келиши табиий ҳол. Навбатдаги манзил ҳам шундай соғлом рақобат муҳитида мижозларга сифатли хизмат кўрсатиб келаётган “Хива Файз” меҳмонхонаси ҳисобланади.

Мазкур меҳмонхона иш бошлаганига кўп бўлмаган бўлсада ташриф буюрувчилар орасида маълум ва машҳур ҳисобланади. “Ўзмиллийбанк” томонидан мазкур меҳмонхона қурилиши учун 2 млрд 400 млн сўм ажратилган бўлиб, меҳмонхона бир вақтнинг ўзида 60 дан ортиқ мижозга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Бугунги кунда мазкур меҳмонхонада 20 га яқин ходим фаолият юритмоқда.

Навбатдаги манзил эса Хиванинг дунёга машҳур Ичанқалъа мажмуаси бўлди. Ушбу мажмуа неча асрки сайёҳларни ўзига оҳанрабодек тортиб келади. Қалъадан кунботиш томонга беш юз қадамча юрсангиз “Нуруллабой” саройига борасиз.

Маълумки бир неча йиллар аввал обида тарихий вазифасидан айро тушиш асносида меъморий кўркини йўқотиш даражасига борган эди. Мажмуа давлат рахбарининг 2017 йилдаги ташаббусига асосан “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” Акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан тўла қайта таъмирланди. Президентнинг туризмни янада ривожлантириш борасидаги қарорлари ва 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида саройда халқ ҳунармандлиги намуналари кўргазмасини ташкил этилди. Асрни қаритган меъморий обида аслиятни сақлаган ҳолда тамомила янгиланган ва яна кўплаб асрларни, авлодларимиз ва сайёҳларни ўз кўриниши, салобати билан ҳайратга соладиган кошонага айланди.

Илгари Ичанқалъадаги кўкка бўй чўзган Исломхўжа минораси шаҳарнинг ўзига хос рамзи саналарди. Бугун бу рамз ёнига Нуруллабой мажмуаси ҳам қўшилди ва бу атама дунёнинг барча тилларида талаффуз қилиниб, ўзига хос тарғибот воситасига айланди. Нуруллабой саройи орқали қадим Хива яна бир битмас-туганмас миллий бойлик эгасига айланди.

Пресс-турнинг иккинчи куни Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманида жойлашган “New Best Style” МЧЖ фаолияти билан танишишдан бошланди.

Бугунги кунда “Max Decor” савдо белгиси остида фаолият олиб бораётган мазкур корхона ўз фаолиятини 2019 йил декабр ойида бошлаган бўлиб корхонанинг маҳсулотлари бугунги кунда нафақат юртимиз истеъмолчилари балки қўшни давлатлар бозрида ҳам талабгир. Корхона Хитой давлатининг “Kapros Group” ҳамда “Yien” сингари етакчи гулқоғоз ишлаб чиқарувчи корхоналар кўмагида ташкил этилган.

Шунингдек, корхонага “Ўзмиллийбанк” томонидан ажратилган 1 млн 178 минг АҚШ доллари миқдордаги кредит эвазига Хитой давлатидан гулқоғоз ишлаб чиқариш ускуналари линияси сотиб олинган. Мазкур ускуналар ёрдамида бозор расталарига юқори сифат ва нозик дид билан ишланган гулқоғоз маҳсулотлари етказиб берилмоқда.

Корхона йилига 750 минг дона гулқоғоз ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, бугунги кунда корхонада 100 га яқин ходим фаолият олиб бормоқда.

Корхонанинг экспорт ҳажми йилига 1 млн 800 минг АҚШ долларига яқин қийматдаги маҳсулотларни Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, БАА ва Индонезия давлатларига етказиб беришдан иборат.

Хабарингиз бор мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш юзасидан бир қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистон Республикасида коронавирус пандемияси тарқалишига қарши кураш борасида давлат органлари ҳамда жамоатчиликнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган ишлар МДҲ давлатлари орасида энг юқори кўрсаткичда ташкил этилганлигини алоҳида эътироф этгани ҳам амалга оширилаётган ишларга берилган ижобий баҳо бўлди. Карантин шароитида фуқароларимизнинг белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этаётганлиги коронавирус пандемияси тарқалишини жиловлашда муҳим омил бўлмоқда.

Навбатдаги манзил эса, бугунги кунда карантин қоидаларига риоя этишда ҳар бир юртдошимизнинг доимий ҳамроҳига айланган бир марталик тиббий қўлқопларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Nur Muhammad Islom Obod” МЧЖ бўлди.

Тупроққалъа туманида жойлашган мазкур корхона “Ўзмиллийбанк” томонидан ажратилган 6 млрд сўм миқдоридаги кредит эвазига Хитой давлатидан бир марталик латексли қўлқоплар ишлаб чиқариш ускуналар линиясини харид қилган. Бир марталик тиббий қўлқопларни ишлаб чиқариш учун хом-ашё асосан Хитой ва Тайланд давлатларидан олиб келинади. Корхона йилига 20 млн жуфтга яқин бир марталик қўлқопларни ишлаб чиқариш қувватига эга.

Бугунги кунда корхонада 50 га яқин ходим фаолият юритмоқда. Корхонанинг экспорт географияси Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатларни қамраб олган бўлиб 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспортга йўналтирилган.

“Ўзмиллийбанк” Матбуот хизмати

Мавзуга оид