Пресс-тур иштирокчилари дастлаб, юртимиз иқтисодиётига муносиб улуш қўшиб, аҳоли бандлигини таъминлаётган корхоналардан бирининг фаолияти билан танишдилар.
Урганч шаҳридаги “Urg tex” масъулияти чекланган жамияти йилига 6 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, бизнес лойиҳага кўра, 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги маҳсулот экспорт қилинади. Маҳсулот экспорти асосан Хитой, Туркия, Россия давлатларига амалга оширилмоқда.


Корхонада 450 нафар киши меҳнат қилмоқда. “Ўзмиллийбанк” томонидан ажратилган 8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит эвазига Германия давлатидан замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилди.
Маълумотларга қараганда яқин келажакда корхонада ип-калава ишлаб чиқариш билан бирга тайёр кийим-бош, трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада яна қўшимча равишда 400 нафар кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланади.


“Urg tex” МЧЖ юртимиз иқтисодий салоҳиятини оширишда ўзига хос ўрни бор. Қолаверса, енгил саноат ривожида ўзига хос тармоқ бўлган хомашёни қайта ишлаш ва ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилиш борасида юртимизда амалга оширилаётган дадил қадамларнинг амалдаги ифодасидир.
Навбатдаги манзил Хива шаҳридаги “Нуруллабой” тарихий мажмуаси ҳудудида жойлашган Хива банк хизматлари маркази бўлди. Таъкидлаш керакки, мазкур марказ томонидан таклиф этилаётган хизмат турлари нафақат маҳаллий аҳоли балки қадимий Хиванинг тароватидан баҳра олиш мақсадида ташриф буюрган сайёҳларнинг ҳам оғирини енгил қилиб келмоқда.


Маълумки, республикамизнинг аҳолига қулай бўлган ҳудудларида ихчам банк хизматлари марказлари ташкил этилмоқда. Янгидан ташкил этилган банк хизматлари марказлари ҳодимлари томонидан мижозлар ва аҳолига барча турдаги банк хизматларини, шу жумладан, ҳисоб рақамларга хизмат кўрсатиш, юридик шахсларга “I-Bank” дастури ва жисмоний шахсларга “Milliy” мобил иловаси орқали масофадан туриб тўловларни амалга ошириш, онлайн конвертация қилиш амалиётларини ва шу каби бошқа банк хизматлари сифатли кўрсатилиши режалаштирилган.


























