21:54 / 25.05.2021
6149

Тайвандаги қурғоқчилик дунё электроника бозорида нархлар ошишига олиб келиши мумкинлиги айтилди

 Глобал исиш мамлакатда электр энергияси ва сув ресурслари етишмовчилигига олиб келди. Бу эса Тайвандаги микросхема ишлаб чиқарувчилар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Фото: Creative Commons

Тайвандаги иқлим муаммоси сабабли дунё бўйича микросхемалар етказиб беришдаги узилишлар ва электроника ҳамда автомобиллар нархи ошишига олиб келиши мумкин. Яримўтказгичли чиплар етказиб берувчи дунёдаги энг йирик экспортёр мамлакат сув ва электр танқислиги боис ишлаб чиқаришдаги муаммолар кучайганини маълум қилди, деб ёзмоқда Bloomberg.

Тайванда бир йилдан бери давом этаётган қурғоқчилик миллий иқтисодиётни жиддий зарба остига қўйди. Глобал исиш мамлакатда электр энергияси ва сув ресурслари етишмовчилигига олиб келди. Бу эса Тайвандаги микросхема ишлаб чиқарувчилар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

«Ўрта муддатли истиқболда озиқ-овқат хавфсизлиги ва яримўтказгич саноатига киритилаётган инвестициялар нуқтаи назаридан энергия ва сув Тайван учун ҳал қилувчи омилга айланади», — деди Франциянинг Natixis инвестиция банки вакили.

Тайвандаги иқлим ўзгаришини мониторинг қилувчи Taiwan Adaptation Platform сайтига кўра, 1957 йилдан 2006 йилгача бўлган давр ичида мамлакатда ёз фасли бир ойга узайди, қиш эса мос равишда 30 кунга қисқарди. Охирги юз йил давомида ўртача ҳарорат 1,3 даражага кўтарилди. 

Top