3 апрел куни Тайванда 25 йил ичидаги энг кучли зилзила рўй бериб, минглаб кишилар жароҳат олди. Зилзила кучи 7,4 магнитудага тенг бўлган ва 770 та бино зарар кўрган. Бироқ шу бинолар ичида дунёда баландлиги бўйича 11-ўринда турадиган Таипеи 101 энг кам зарар кўрган иншоотлардан бири бўлди. Қандай қилиб 508 метрли бинога деярли зарар етмади?

Ҳаммасига Таипеи 101да ўрнатилган маятник ёрдамлашган. У тилла рангида бўлган 660 тонна келадиган пўлат шар бўлиб, ердан 305 метр баландликда бино марказида 87- ва 92- қаватлар орасида ўрнатилган.

Бу маятник зилзила ёки кучли шамол пайтида бинонинг ҳаракатига қарши туриш учун тебранади ва шу билан бинонинг тебранишини 40 фоизгача камайтиради. Олимларнинг айтишича, маятник бинонинг тебранишларини мувозанатлаштириб, зилзила пайтида ердан келадиган тўлқин билан гармония ҳосил қила олади. Натижада осмонўпар бинонинг қулашига йўл қўйилмайди.

Маълумотларга кўра, маятник 41 та қатламдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири қалинлиги деярли 13 сантиметрдан, диаметри тахминан 549 сантиметрни ташкил қилади. Қурилмани осиб қўйиш учун ҳар бирининг кенглиги 9 сантиметр ва узунлиги 4 метр бўлган тўқсон иккита пўлат кабел ишлатилган. “Tuned Mass Damper” деб аталадиган бу маятник дунёда энг каттаси ҳисобланади. 

Таипеи 101 осмонўпар биноси 2004 йилда қурилган бўлиб, Жаҳон молия маркази сифатида машҳур бўлган. Бино 101 қаватдан иборат ва қурилган вақтида дунёнинг энг баланд биноси деб эътироф этилган. 2010 йилда Бурж Ҳалифанинг қурилиши Таипеи 101 дан энг баланд бино статусини олиб қўйди.