20:37 / 04.04.2024
13947

Тайван кучли зилзила оқибатларига қандай тайёргарлик кўрди? 

Тайвандаги 7,4 магнитудали кучли зилзила жуда катта вайронагарчилик ва қурбонларга олиб келмади. Бу бежиз эмас. Тектоник плиталарнинг туташган жойи яқинида жойлашган ва зилзилалар кўп учрайдиган орол маъмурияти табиий офат оқибатларига олдиндан пухта тайёргарлик кўрган эди. 

Фото: Getty Images

Тайванда сўнгги 25 йилдаги 7,4 магнитудали энг кучли зилзила камида тўққиз кишининг ҳаётига зомин бўлди ва 700 нафардан ортиқ киши жароҳат олди. Аммо бундай кучли табиий офат учун вайронагарчиликлар кўлами, энг муҳими, инсонлар қурбонлари сони нисбатан кичик. Нега? Таққослаш учун: 1999 йилда худди шундай магнитудали зилзила бу ерда 2 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган эди. BBC табиий офат оқибатларига Тайванда қандай тайёргарлик кўрилганини таҳлил қилди. 

Тайвандаги АҚШ элчиси вазифасини бажарувчи Сандра Оудкирк ижтимоий тармоқда Тайван халқига йўллаган мурожаатида: «Тайван бутун дунёга табиий офатларнинг олдини олиш, табиий офатларни бартараф этиш ва гуманитар ёрдам кўрсатишнинг муваффақиятли моделини намойиш этди», деб ёзди. 

Тайванда зилзилалар кам учрайдиган ҳодиса эмас: орол иккита тектоник плиталарнинг туташган жойи яқинида жойлашган. Зилзилалар аҳоли кам яшайдиган ва асосан шарқий қирғоқлардаги қишлоқ жойларида содир бўлади. 

5 мингдан ортиқ биноларни вайрон қилган ва 2,4 мингдан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган 1999 йилдаги зилзила (21 сентябрда содир бўлгани сабабли оролда «Зилзила 921» деб номланган) ҳукуматни қурилиш меъёрлари ва табиий офатларни бошқариш қонунларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. 

21 сентябрда Тайван бўйлаб ҳар йили табиий офатларни бошқариш бўйича машғулотлар куни нишонланади. Шу куни фуқароларнинг мобил телефонларига зилзила ва цунами каби офат ҳақида огоҳлантириш юборилади, орол бўйлаб мактабларда эвакуация машқлари ўтказилади. 

Зилзилаларга чидамли қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи Тайваннинг Alfa Safe компаниясини бошқарадиган қурилиш муҳандиси Тай Юн-фа сўзларига кўра, қатъий қурилиш қоидалари оролни табиий офатларга яхшироқ тайёрлашга ёрдам берган бўлса-да, баъзи ишлаб чиқарувчилар ҳали ҳам янги қоидаларни четлаб ўтиб, бино қурмоқда. 

«Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида арзон нархлар мўлжалга олинади, шунинг учун энг яхши сифатга эришиш мумкин эмас», деди у. 

Лондон Университет коллежи геотехник зилзила муҳандислиги профессори Зигги Любовски Тайвандаги вайронагарчилик акс этган фотосуратлардаги кўплаб бинолар анча эски кўриниши ва замонавий қурилиш стандартларига жавоб бермаслигини таъкидлади. «Қийшайиб қолган, аммо қуламаган бинолар – дизайн хусусияти эмас, балки кўпроқ омад омилидир», деди у. Унинг фикрича, қулаган уйлар ўрнига қуриладиган янги уйлар замонавий талабларга жавоб берадиган бўлади. 

«Агар бетон каби материалдан фойдалансангиз, агар бетон ичига керакли миқдорда арматура қўйсангиз ва зилзила юкини кўтара оладиган мослашувчан конструкцияни яратиш учун пўлат деталларни ўрнатсангиз, у ҳаракатланиши ва қийшайиб қолиши, ёрилиши мумкин. У қисман шикастланган бўлиши мумкин, лекин у бинони тик ушлаб туришда давом этади», деди Любовски. 

Фото: Getty Images

Донна Ву, The Mustard Seed Mission Хуалян округи бўлими директори ўринбосари расмийлар 2018 йилги зилзила оқибатларини бартараф этишда тартибли ҳаракат қилишмагани, аммо бундан тўғри хулоса чиқаришганини айтади. 

2018 йилда 7 кишининг ҳаётига зомин бўлган 6,4 магнитудали зилзиладан сўнг маҳаллий ҳокимият идоралари табиий офат оқибатларини бартараф этиш ва аҳолига ёрдам кўрсатиш учун давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ишни мувофиқлаштиришни кучайтирди. 

Бу сафар округ расмийлари ва полиция, шунингдек, Хуалян шаҳри марказидаги жабрланган ҳудудлар аҳолисини эвакуация қилишга ёрдам берган бошқа бўлинмалар биргаликда шикастланган бинолардан бирини кейинги ерости силкинишларида қулашдан олдин тозалаш учун ҳамжиҳатлик билан ишладилар. 

«[Аввал] ҳамма бир хил ишни қиларди, ҳеч қандай мувофиқлаштириш йўқ эди. Бу сафар ҳар бир гуруҳнинг ўз вазифалари бўлди», деди Ву. 

Тайваннинг табиий офатларга жавоб бериш тизимларини шай ҳолатда сақлаш учун яна бир сабаби бор. Бу оролга доимий равишда ҳарбий ва сиёсий босимни ошириб бораётган Хитойнинг эҳтимолий ҳужумидир. 

Мобил телефонларга огоҳлантириш юборувчи тизим - Хитойнинг яқинлашиб келаётган ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш учун фойдаланадиган тизимдир. 

Тайван ҳар йили «Мин-ан» фуқаролик мудофааси машқларини ўтказади. Расмий равишда уларнинг мақсади табиий офатларга тайёргарлик кўриш бўлса, ўтган йили ушбу машғулотлар доирасида Хитой ҳужуми содир бўлган тақдирда нима қилиш кераклиги ҳам синовдан ўтказилди. 

2022 йилда иш бошлаган Тайван Рақамли Технологиялар вазирлиги алоқа тармоқларининг мустаҳкамлигини таъминлаш билан шуғулланади. Вазирлик сўнгги зилзила оқибатида тармоқлар, хусусан, Интернет алоқаси катта даражада зарар кўрмаганини маълум қилди. 

Фото: Getty Images

Тайвандаги шаҳар ва туманларда қутқарувчилар туну-кун навбатчилик қилади ва табиий офатга деярли бир зумда жавоб беришга тайёр. 

Мисол учун, сўнгги зилзиладан бир соат ўтмасдан жанубдаги Каосюн шаҳри ҳукумати қутқарув гуруҳларини Хуалян шаҳрига сафарбар этди ва уларни самолётларга чиқиш учун яқин атрофдаги Пингтунг авиабазасига жўнатди. Бундай гуруҳлар мунтазам равишда дунёнинг бошқа офат зоналарига юборилади. Хусусан, ўтган йили улар даҳшатли зилзила содир бўлган Туркияга учиб кетишган эди.

Top