Жамият | 18:26 / 27.05.2021
5496
4 дақиқада ўқилади

2021 йилда бирорта маҳкум коронавирусга чалинмагани маълум қилинди

ИИВ Жазони ижро этиш департамени тиббий бўлими бошлиғи Баҳодир Юсуповга кўра, йил бошидан бери қамоқхоналарда COVID-19’га чалиниш ҳолатлари қайд этилмаган. 2020 йилда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг 9 фоизи коронавирусга чалингани маълум қилинган эди.

26 май куни инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Феруза Эшматова бошчилигидаги экспертлик гуруҳи Тошкент шаҳридаги 23-сон маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхонага ташриф буюрди, деб хабар беради омбудсман матбуот хизмати.

Республикада ягона бўлган мазкур шифохонада умумий, қаттиқ, махсус тартибли колониялардаги барча эркак маҳкумлар, умрбод қамалганлар ҳам даволанади. Аёл маҳкумалар эса касаллик тоифасига кўра, ССВ тизимидаги шифохоналарда, махсус қўриқлов асосида тиббий хизматдан фойдаланади.

Мониторинг ўтказиш вақтида омбудсманга ИИВ Жазони ижро этиш департаменти тиббий бўлими бошлиғи, подполковник Баҳодир Юсупов ҳамроҳлик қилган. У 2020 йилнинг пандемияси сабаб қамоқхоналарда ҳам эпидемиологик вазият кескинлашганини, шу боис жазони ижро этиш муассасалари учун алоҳида лаборатория ташкил этилганини қайд этган.

«Шу ПЗР-лабораториясини 2020 йилнинг 20 августида ишга туширдик. 28 кунда қуриб битказилди. Ҳозирги кунда бутун қамоқхона тизими — вилоятлардан олиб келинса ҳам, шу ерда текширувдан ўтказилади. Сақлаш учун музлаткичлар ҳам ўрнатилган. 10 нафар тиббиёт ходими бор», — дейди подполковник.

Унинг қўшимча қилишича, ушбу лаборатория учинчи ва тўртинчи даражали ўта юқумли касалликларни аниқлашга мўлжалланган. «Ҳозирги пайтда бу ерда нафақат ПЗР, балки Гепатит B, C, D, сифилис, ОИТС ҳам аниқланяпти. Қолаверса, иммуноглобулин (IgM, IgG)лар ҳам текшириляпти», — дея таъкидлайди Баҳодир Юсупов.

«Gazeta.uz.uz»нинг ёзишича, ташриф давомида Юсупов 2021 йилда қамоқхоналарда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари кузатилмаганини маълум қилган.

«Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларида бу йил ҳисобидан ҳали бирорта маҳкум коронавирусга чалингани йўқ. АОКАда ўтказилган анжуманда 2020 йили умумий маҳкумларнинг 9 фоизи касалланганини айтган эдим. Ўтган йили коронавирус оқибатида битта ҳам ўлим юз бермади», — деди у.

Республиканинг жазони ижро этиш муассасаларидаги барча маҳкумлардан COVID-19’га таҳлиллар олиниб, текшириб турилгани айтилган.

«Сурхондарё, Хоразм, Қорақалпоғистондаги муассасалар жуда ҳам узоқ — масофа 1000 километрдан ортиқ. Улардан таҳлилни олиб, Тошкентга келтириб, текшириш ўзини оқламайди. Улар ўзининг ҳудудидаги соғлиқни сақлаш тизимидаги лабораторияларга олиб боради. Қолган вилоятларнинг ҳаммаси Тошкентга олиб келади ва таҳлиллар текширувдан ўтказилади», — дейди Баҳодир Юсупов.

Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Юсупов 2020 йили АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистондаги қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг 9 фоизи коронавирусга чалинган, шунингдек, 2 нафар оғир бемор муддатидан аввал озод қилинганини айтганди.

ИИВ мулозими жазони ижро этиш муассасаларида ҳам коронавирус аниқлангач, симптомсиз ва енгил шаклида касал бўлган маҳкумлар тизимнинг ўзида даволангани, оғир ва ўрта оғир шакллари эса Соғликни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги 4 та карантин ҳудудларига юборилгани, бирорта ҳам ўлим ҳолатига йўл қўйилмаганини маълум қилганди.

Мавзуга оид