Ўзбекистон | 07:58 / 29.05.2021
6100
2 дақиқада ўқилади

«Ўзкомназорат» ижтимоий тармоқлардаги фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди

Фото: Getty Images

Ижтимоий тармоқларда турли сўровномалар, танловлар, акциялар, ўйинлар, улкан мерос қолдириш, қолдираётган меросини расмийлаштириш, тез бойиб кетиш тўғрисидаги спам хабарлар ва шунга ўхшаш бошқа фейк ахборотлар орқали фуқароларнинг шахсига доир маълумотларини фирибгарлик йўли билан ўғирлаш ҳолатлари кундан кунга кўпайиб бормоқда.

Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси хабарига кўра, ўғирланаётган маълумотлар орасида фойдаланувчиларнинг исми, фамилияси, отасининг исми, туғилган санаси, манзили, шахсни тасдиқловчи ҳужжати, электрон почта ва саҳифаси, ID картаси ва тўлов карточкалари (пароли, пин-коди), ҳисоб рақамлари ва бошқа тўлов манбалари мавжуд.

Ижтимоий тармоқдан олган ёлғон хабарга ишониб, бойиш, мол-мулк эгаси ёки меросхўр бўлиш ва катта маблағ эгасига айланиш ниятида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари фирибгарларга ўз шахсий маълумотларини тақдим қилиши оқибатида жиноят ишларига шерик бўлиб қолиши ёки фирибгарлик қурбонига айланиши мумкин экани айтилади.

“Шахсга доир маълумотлар базалари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилмаган ижтимоий тармоқдаги, шунингдек Интернет тармоғидаги ахборот ресурсларидан фойдаланишда ўзингизга тегишли шахсий маълумотларни ошкор қилиб фирибгарлик қурбонига айланманг”, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид