Ўзбекистон | 09:21 / 04.06.2021
3984
2 дақиқада ўқилади

Мўйноқ аэропорти қачон тўлиқ ишга тушиши маълум қилинди

Kun.uz мухбири Мўйноқ аэропортида қилинаётган ишлар юзасидан Мўйноқ тумани ҳокими ва унинг биринчи ўринбосари билан суҳбатлашди.

Мўйноқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Салий Илясовнинг айтишича, аэропорт 2020 йилда қуриб битказилган. Шундан бери бу ерда ҳукумат раҳбарлари, халқаро делегациялар ва сайёҳларнинг шахсий рейслари қабул қилинмоқда. 2021 йилнинг охирига бориб аэропорт тўлиқ ишга тушади. Ўшанда Мўйноқ аэропорти халқаро статусга эга бўлиши ҳам мумкин.  

Биринчи босқичда Тошкент-Урганч-Мўйноқ, Мўйноқ-Урганч-Тошкент рейси, иккинчи босқичда Қозоғистон, Россия ва Туркия давлатларига рейслар ташкил қилиниши режалаштирилмоқда.

29 май куни Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Мўйноқда бўлиб, у ерда олиб борилаётган ишлар билан танишган. Салий Илясовнинг сўзларига кўра, рейслар масаласи вазир билан муҳокама қилинган.

Ҳоким ўринбосарининг қўшимча қилишича, Мўйноқ аэропорти лойиҳасининг умумий қиймати 300 млрд сўмни ташкил қилади. Ҳозирда 150 млрд сўмлик ишлар амалга оширилган.

Мўйноқ тумани ҳокими Эрпўлат Эденбаев аэропортдан маҳаллий аҳоли ҳам фойдаланишини айтиб ўтди. Ҳокимнинг айтишича, икки ҳафтадан бир марта Мўйноқ-Нукус-Тошкент ва Тошкент-Нукус-Мўйноқ рейсларини қўйиш режалаштирилмоқда. 

Маълумот учун, 1960 йилларда барпо этилган бу аэропортга шу вақтгача фақат Aн-2, Aн-24 ва Як-40 самолётлари қўнган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 26 август куни Мўйноқ шаҳридаги қайта таъмирланган аэропортга илк марта Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг A320 самолёти қўнганди.

Шуҳрат Саидаҳмадов,
Kun.uz мухбири