12:40 / 06.06.2021
26181

Қарши аэропортида йўловчилар бортда қолиб кетишди. Самолётда иссиқ туфайли техник носозлик рўй бергани маълум қилинди

Ижтимоий тармоқларда Қарши аэропортида турган йўловчилар иссиқда самолёт ичида ушлаб турилгани, салонда совитиш мосламалари йўқлиги ва икки аёл ҳушини йўқотгани айтилган видео тарқалди.

Телеграмдаги «Нигоҳ» каналининг ёзишича, бу ҳолат Россиянинг Royal Flight авиакомпанияси томонидан «Москва-Қарши-Москва» рейсига қўйилган самолётда рўй берган.

«Маълум бўлишича, парвоз Россиянинг Royal Flight авиакомпанияси томонидан амалга оширилган. Йўловчилар бортга чиқарилгандан сўнг, самолёт двигателлари ишламай қолган. Бунга об-ҳаво шароити, яъни ҳаво ҳароратининг 44 даражадан юқори бўлиши сабаб бўлган», дейилади хабарда.

Натижада, ушбу парвозни тунги вақтда амалга ошириш қарори қабул қилиниб, йўловчилар бортни тарк этишган. Йўловчиларнинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида хабар келиб тушмаган. Самолёт 6 июнь куни соат 04:54 да Москвага учган (аслида жўнаш 5 июнь куни соат 15:30 га режалаштирилган эди).

Ҳолат юзасидан Транспорт вазирлиги матбуот хизмати расмий маълумот берди. Қайд этилишича, 5 июнь куни Россиянинг Royal Flight авиакомпанияси Қарши халқаро аэропортидан ABG-2604 Қарши—Домодедово рейсини амалга ошириши лозим бўлган. Шу куни соат 13:32да Royal Flight’нинг Boeing-767-300 русумли самолёти Қарши халқаро аэропортига келиб қўнган ва аэропорт томонидан барча техник ва сервис хизматлари кўрсатилгач, соат 16:10 да барча йўловчилар самолётга чиқиб бўлган.

«Бироқ республикада кузатилаётган иссиқ туфайли самолётнинг асосий ва қўшимча двигателлари қўшилмай қолди. Самолёт компьютери параметрларини қайта териш ва бир неча бор двигателларни қўшишга қайта уринишлар ҳам иссиқнинг ҳаддан зиёд кучайиши оқибатида самара бермади. Асосий ва қўшимча двигателларни ишга тушириш имкони бўлмагач, табиийки, самолётнинг кондиционер тизими ҳам ишламади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, халқаро фуқаро авиацияси қоидаларига кўра, йўловчилар самолётга чиқарилиб, ҳаво кемаси эшиклари ёпилгач, йўловчилар хавфсизлиги бўйича барча қарорлар самолёт экипажи командири томонидан қабул қилинади. Экипаж командири йўловчиларни тушириш ҳақида қарор қабул қилгач, йўловчилар самолётдан зудлик билан туширилди. Қарши халқаро аэропорти томонидан йўловчилар учун аэровокзалда барча зарур шароитлар яратиб берилди», дейилади вазирлик хабарида.

Самолёт 6 июнь куни соат 04:54 да белгиланган манзилга жўнаб кетган ва 329 нафар йўловчи Домодедово аэропортига соғ-саломат элтиб қўйилган.

  • Маълумот учун, Россиянинг Royal Flight авиакомпанияси 2021 йил апрелида Ўзбекистонга мунтазам қатновларни амалга ошириш учун рухсатнома олганди. Бу авиакомпания Андижон-Москва йўналишида ҳам парвозларни амалга ошириб келмоқда.
Top