14:24 / 09.06.2021
32378

Косонсойлик 8-синф ўқувчиси отаси билан мини-трактор ясаб сотмоқда

Наманган вилояти Косонсой туманида яшовчи Муҳаммадсодиқ Абдуҳалимов 8-синфда ўқийди. Муҳаммадсодиқ ёш бўлишига қарамай, отасининг кўмаги билан кичик трактор ясади.

Ёшлигидан техника ясашга қизиққан Муҳаммадсодиқ бир йилдирки, отаси Умаржон Йўлдашев кўмагида мини-тракторлар тайёрлаяпти. Муҳаммадсодиқ яратаётган мини-трактор ер ағдариш, чопиқ ва ҳайдов каби қишлоқ хўжалиги юмушларини бажаради.

Ёш машинасознинг сўзларига кўра, битта тракторни тайёр ҳолга келтириш учун эҳтиёт қисмларга ўртача 10-12 млн сўм атрофида маблағ кетади. Кўринишидан ихчам бўлган бу ускунага ёқилғи ҳам кам сарфланар экан. Муҳаммадсодиқнинг айтишича, тракторлар текис йўлда соатига 1 литр бензин сарфлайди. Қишлоқ хўжалиги ишларини бажаришда ёнилғи сарфи соатига 1,5 литрга етади.

«Бир ойда 2та трактор ясаяпмиз. Шу кунгача отам билан 9та тракторни тайёрлаб, 8тасини сотдик. Ҳар бири ўртача 20 млн сўмдан сотилмоқда. Тракторларимизга Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятларидан ҳам харидор чиқди», – дейди ёш ихтирочи.

Ота-бола тракторларнинг кузов қисмини ўзлари темир-терсаклардардан пайвандлаб ясашади. Уларга ўрнатиладиган мотор ва ғилдираклар маҳаллий бозордан харид қилинади. Ёш ихтирочи келажакда ўз фаолиятини кенгайтирмоқчи. Тракторлар билан бир қаторда у мини-экскаватор, мини-бульдозер ва боғларга дори сепувчи аппаратга эга транспортларни ҳам ясашни режалаштирмоқда.

Юлдуз Юлдашева, Kun.uz мухбири.

Top