17:02 / 09.06.2021
12765

Қаршида светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Дамас иккита машинага шикаст етказди

Қарши шаҳридаги кўчалардан бирида светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган «Дамас» иккита машина билан тўқнашиб, уларга шикаст етказган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун, 9 июнь куни соат 05:00 ларда, Қарши шаҳридаги Ислом Каримов ҳамда Насаф кўчалари кесишган чорраҳада ҳайдовчи Н.Т. «Дамас» машинаси билан светофорнинг қизил чироғида тўхтамасдан ҳаракатланган. Оқибатда, яшил чироқда ўз ҳаракатини бошлаб, чорраҳага кириб келган ҳайдовчи Л.М. бошқарувидаги «Нексия» машинаси билан тўқнашган. Сўнг, зарб оқибатида йўналишини ўзгартириб рўпарада, светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган ҳайдовчи Н.Т. бошқарувидаги «Ласетти» машинасига урилган.

Қайд этилишича, мазкур йўл-транспорт ҳодисасида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Аммо ҳар учала машина турли даражада шикастланган.

Таъкидланишича, мазкур ЙТҲ юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top