19:49 / 11.06.2021
9102

«Қонунбузарлик ҳақида хабар берганларни рағбатлантириш тизимини барча соҳаларга киритиш керак» — Русланбек Давлетов

Адлия вазири Русланбек Давлетов йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ҳақида хабар берган фуқаролар моддий рағбатлантирилиши борасида ўз фикрини билдирди.

Давлетовга кўра, бундай ҳолатда қонун устуворлиги биринчи даражали мақсад бўлиши ва ҳамма нарса шу мақсаддан келиб чиқиши керак.

«Агар мақсад қонунчиликни тартибга солиш, шу соҳада одам ўлимининг олдини олиш бўлса… Ахир охирги 3 йил ичида 5 мингта одам йўлда ўлиб кетяпти-ку, бунга қандай жавоб берасиз?

Бу ерда энг асосий масала – ўша шахснинг ҳуқуқбузар эканлиги. Жамоат жойларида ноқонуний хатти-ҳаракат қилинаётган бўлса, ҳуқуқбузар бўлса, ўша ҳолатни тўхтатиш учун давлат ҳар қандай йўлдан фойдаланиши керак. Бутун дунё бундан [ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш] фойдаланади. Қандайдир диний догмалар келтириб, бу одамлар орасига ихтилоф солади, деган нарсалар бўлмаслиги керак.

Пора билан шундай ҳолат бўлганда, у ҳақида хабар берганларни рағбатлантирадиган бўлсак, бунга розисиз-ку.

Ҳуқуқбузарликларнинг фарқи йўқ, у каттами ёки кичикми, аҳамияти йўқми, бошқами. Бу ахлоқий қоида эмас, бу – давлат белгилаган қонун-қоидалар. Агар сиз кичкина қоидалар учун бу керак эмас десангиз, эртага катта муаммоларни келтиради.

Йўл ҳаракатидаги ҳозирги ҳолат шунақаки, Ўзбекистон фуқаролари йўлда ўлиб кетяпти. Шундоқ беҳудадан-беҳудага, урушсиз кўп одамлар ўлиб кетяпти. Шунинг учун, менинг фикрим барча соҳалардаги қонунбузарликлар ҳақида хабар берганларни рағбатлантирувчи тизимни киритиш керак», – дея адлия вазирининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top