11:37 / 16.06.2021
1347

Самарқанд вилоятида жорий йилда ЙТҲлар сони 42,9 фоизга ошган. Уларда 105 нафар фуқаро вафот этган

Самарқанд вилоятида жорий йилда йўл-транспорт ҳодисалари сони 42,9 фоизга, улар билан боғлиқ ўлим ҳолатлари эса 32,4 фоизга ошган. Бу ҳақда бугун, 16 июнь куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирокида ўтказилган йиғилишда маълум қилинган.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 5 ойи давомида вилоят ҳудудида йўл-транспорт ҳодисалари сони 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 42,9 фоизга ёки 93 тага (217/310) ошган. Ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 32,4 фоизга ёки 23 тага (71/94) кўпайган. Жорий йилда содир бўлган ўлим билан боғлиқ 94 та (7 таси маст ҳолатда) йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 105 нафар  (ўтган йил 98 нафар) шахс ҳалок бўлган. Улардан 9 нафарини (ўтган йил 9 нафар) вояга етмаганлар ташкил этган.

Бундан ташқари, жорий йилда вилоятда 2307 та жиноят содир этилган. Жиноятларнинг 56,2 фоизини (1297 тасини) айнан олди олиниши лозим бўлган 12 та турдаги қотиллик, тан жароҳати етказиш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, ўғрилик, фирибгарлик, безорилик ва йўл транспорт ҳодисалари жиноятлари ташкил этган.

Таъкидланишича, вилоятнинг 8 та тумани: Тойлоқ, Жомбой, Қўшработ, Нарпай, Пайариқ, Булунғур, Паст Дарғом ва Пахтачи туманларида жиноят содир этилиши салмоғи юқорилигича қолмоқда.

Йиғилишда вилоят ҳокими томонидан «Темир дафтар», «Аёллар» ва «Ёшлар» дафтарларидаги эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёллар, ишсиз ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш ишлари айрим сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ҳамда профилактика инспекторлари томонидан ҳанузгача тўғри йўлга қўйилмагани оқибатида мазкур тоифадаги шахслар томонидан ўта оғир жиноятлар содир этилиш ҳолатлари кузатилаётгани кескин танқид қилинган.

Бундан ташқари, йиғилишда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этиш масалалари ҳам танқидий муҳокама қилинган.

Top