19:08 / 16.06.2021
3147

Янгиқўрғонда ҳокимият биноси олдига қўйлар ҳайдаб борилди. Ҳолатга ҳокимлик муносабат билдирди 

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида «Mubosher Laziz Azizbek fayz» МЧЖга қарашли қўйлар ҳокимият биноси олдига ҳайдаб борилди. Ҳолат бўйича туман ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Янгиқўрғон туманидаги “Жўрабой Охунов Шарқ Юлдузи” агрофирмаси ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган «Mubosher Laziz Azizbek fayz»  МЧЖ раҳбари У. Муҳиддинов 2020 йилнинг 4 август куни Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига чорва ҳайвонларини боқиш учун 30 гектар ер майдони сўраб мурожаат қилган. 

«Ушбу мурожаат туман ҳокимлигининг тегишли мутахассислари ҳамда «Mubosher Laziz Azizbek fayz» МЧЖ раҳбарининг шахсан иштирокида ўрганилган. Ўрганиш жараёнида туман ҳокимлиги томонидан МЧЖ раҳбарига туман ҳокимлиги захирасида бўлган тадбиркор ўзи фаолият юритаётган “Жўра Охунов-Шарқ  Юлдузи” агрофирмаси ҳудудида жойлашган бир неча адирлик, яйлов ерлар таклиф этилган. Бироқ улар У. Муҳиддиновнинг майдонга яқин жойда чиқиндихона мавжудлиги, бошқа майдон эса қўйхонасидан  узоқдалиги каби важ билан рад этилган. 

У. Муҳиддиновнинг талабига, хоҳишига жавоб берадиган майдон эса “Болгар шароб” қўшма корхонаси қошидаги “Янгиқўрғон марваридлари” УК эгалигидаги ерлар ҳисобланади.

Унитар корхона ҳам ҳуқуқий субъект эгаси ҳисобланиши боис, ушбу ер майдонини «Mubosher Laziz Azizbek fayz»  МЧЖ тасарруфига олиб беришнинг амалда имкони йўқлиги мурожаатчига тушунтирилган. Шундай бўлишига қарамай, мурожаатчи фақат шу майдонни талаб қилаётганига эътибор бериш жоиз», туман ҳокимлиги берган муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдига қўй суруви ҳайдаб келинган эди  ва бу катта муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Top