Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқандда қўйлари бўғизланган оила хавотирда: таҳдид қилган жиноятчилар ҳамон топилмади
Самарқандда фуқаронинг олти бош қўйи кечаси сўйиб кетилгани ва оилага таҳдидомуз хат қолдирилгани ҳақида хабар берилганди. Kun.uz мухбири Самарқанд туманининг Бадал маҳалласида бўлиб, воқеа тафсилотларини ўрганди.
Маълум бўлишича, Бадал маҳалласида яшаб келган бу оила қишлоққа туташ бўш ерда деҳқончилик қилиб келган. Ўраб олинган ҳудуд ичкарисида оила ўз эҳтиёжи учун боқаётган қўйларини ҳам сақлаган.


Жабрланувчи Фурқат Жабборовнинг айтишича, 21 апрел тонгида одатдаги ишларини бажариш учун хўжаликка келади. Ҳамма жойга қон излари тўкилган бўлиб, олти бош қўйларини бўғизлаб кетилган ҳолатда кўради. Яна уч боши олиб кетилган.
Ҳақиқатан ҳам шу ерда яшайдиган қўшнилар ўша кечаси ит қаттиқ ҳургани ва кейин бирдан ҳаммаёқ тинчиганини айтмоқда. Жабрланувчиларнинг тахминича, қўриқчи итга дори берилган, у ҳозир ҳам карахт аҳволда.



Қолдирилган таҳдидли хатда “Эҳсон қил, ҳаромхўрлигингни йиғиштир, Аллоҳга қасамки, ўзинг ҳам шу ҳолга тушасан”, мазмунидаги гаплар айтилган.
Оила аъзоларининг тахмин қилишича, бу таҳдид ер учун бўлиши ҳам мумкин. Аввалбошдан аукционда сотиб олинган ерга бошқа даъвогарлар ҳам бўлиб, улар бир йил аввал Жабборовнинг хонадонигача келган.

Бадал маҳалласи раиси Муин Амоновнинг гувоҳлик беришича, Фурқат Жабборов ёки фарзандлари маҳаллада биров билан жиддий рақобатга бормаган. Ўртаҳол оила, эҳсон қилмаяпсан, деб таҳдид қилар даражада бой-бадавлат ҳам эмас. Маҳалла ишларига аралашиб юришади, бошқаларга қўлларидан келганча ёрдам беришади.
Жабрланувчилар билан суҳбатлашар эканмиз, улар бўғизланган қўйлар алами қолиб, ўзларининг жонидан хавотир олаётганини билдиришди. Чунки ҳозирча қўйларни бўғизлаб, хат орқали таҳдид қилганлар топилган эмас.
Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасининг хабар беришича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этганларни аниқлаш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
17:45 / 05.06.2026
“АҚШга мурожаатингиздан хурсандмиз” - Шердор реставрациясига 500 минг доллар ажратилди
17:36 / 05.06.2026
Саида Мирзиёева UNEP ва GEF раҳбарияти билан учрашди
18:49 / 04.06.2026
Саида Мирзиёева Глобал экологик жамғарма Ассамблеясида иштирок этди
20:37 / 03.06.2026