Жаҳон | 08:40 / 18.06.2021
7307
2 дақиқада ўқилади

Эронда президент сайловлари бўлиб ўтмоқда

18 июн Эронда маҳаллий вақт билан соат 7дан президент сайловларида овоз бериш бошланди. Мамлакат раҳбари лавозими учун 4 номзод кураш олиб боради. Амалдаги президент Ҳасан Руҳоний ўз лавозимини кетма-кет икки муддат эгаллагани сабабли жорий сайловларда иштирок эта олмайди.

52 млндан кўпроқ эронлик бутун мамлакат бўйлаб фаолият юритадиган 66,8 мингга яқин ҳамда дунёнинг 133та давлатида очиладиган 234та сайлов участкасида овоз беришлари мумкин бўлади. Сайловлар соат 00:00гача давом этади.

Президент лавозими учун 4 номзод кураш олиб боради. Дастлаб номзодлар сони кўпроқни ташкил қилган, бироқ охирги ҳафтада улардан кўпи сайловларда иштирок этмасликка қарор қилган.

Сайловларда мамлакатда қабул қилинувчи қарорларнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича кенгаш котиби Муҳсин Ризоий, Олий суд раиси Иброҳим Раисий, парламент раиси ўринбосари Амир Ҳусайн Қозизода Ҳошимий ва марказий банкнинг собиқ раҳбари Абдулнаср Ҳимматий иштирок этади.

Таъкидланишича, президент сайловларининг фаворити Иброҳим Раисий ҳисобланади.

Эрон ички ишлар вазири Абдулризо Раҳмони Фазлийнинг таъкидлашича, сайловларнинг дастлабки натижалари овоз бериш якунлангандан кейин 2 кун ичида эълон қилинади.   

Эрон президенти 4 йиллик муддатга сайланади. Сайловларда ғалаба қозониш учун 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплаш лозим. Агар номзодлардан бирортаси бундай натижага эриша олмаса, унда сайловларнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтади. 

Сўровномалар натижаларига кўра, сайловлардаги давомат бор-йўғи 40 фоизни ташкил қилиши мумкин. Кўплаб эронликлар мамлакатдаги иқтисодий муаммолар ва ўзлари учун мақбул номзодлар йўқлиги сабабли сайловларни бойкот қилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид