2 июнь куни сулҳга қарамай АҚШ ва Эрон яна зарбалар алмашди. АҚШнинг Эрон нефть танкери ва Кешм оролига берган зарбаларига жавобан Теҳрон Кўрфазидаги АҚШ базаларини нишонга олганини айтган эди.

АҚШ эса Эронга қарши «ўзини мудофаа қилиш» зарбалари берганини, Кувайт ва Баҳрайн томон отилган Эрон ракеталарини уриб туширганини ёки тутиб қолганини маълум қилди.

Кейинроқ, Кувайт аэропортга Эрон дрони урилганини тасдиқлади. Тармоқларда Т1 терминалига дрон келиб урилиши ва аэропорти ичидаги портлашлар акс этган видеолар тарқалди.

Маҳаллий расмийларга кўра, дрон зарбаси оқибатида 1 киши ҳалок бўлган ва 63 киши жароҳатланган. Кейинроқ, аэропортга қилинган ҳужумда ҳалок бўлган шахс Ҳиндистон фуқароси экани аниқланди. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида ҳужумни қоралаб, яна бир неча Ҳиндистон фуқароси жароҳатланганини билдирди.

Зарбалардан сўнг, Кувайт Ташқи ишлар вазирлиги икки нафар Эрон дипломатига 24 соат ичида мамлакатни тарк этишни буюрди ва Эроннинг муваққат ишлар вакилини чақиртирди.

Эрон, шунингдек, чоршанба куни АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари кемасини нишонга олганини даъво қилди, бироқ Cэнтcом буни ҳам рад этди.

Эрон жавобгарликни рад қилди

Чоршанба куни кечроқ Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Кувайт аэропортига қилинган ҳужум учун жавобгарликни рад этди. Расмий Теҳрон зарар АҚШ ракета тутгичининг хатоси туфайли келиб чиққанини даъво қилди.

2026-06-04 08.53.21

АҚШ Марказий қўмондонлиги буни ёлғон деб атади ва Эрон аэропортга «атайлаб қилинган, пухта ўйланган ва асоссиз ҳужум» уюштирганини даъво қилди.