17:46 / 21.06.2021
17512

Қабристони йўқ қишлоқ. Пахтаободдаги икки қишлоқнинг битмаётган муаммолари

6 минг аҳоли яшайдиган “Мустақиллик” МФЙга энг яқин қабристон 13 км масофада жойлашган. Аҳоли бу муаммони кўтара бошлаганига ҳам 18 йил тўлган. Муаммо юзасидан вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга ҳам мурожаат қилинган. Қабристон учун ер ажратилишидан эса дарак йўқ.

Мурожаатлар ортидан Андижон вилоятининг Пахтаобод туманига бориб, “Мустақиллик” ҳамда “Наврўз” маҳаллаларидаги муаммоларни ўргандик.

Мустақиллик маҳалласи вилоятдаги энг катта маҳаллалардан бўлиб, унда 6,5 минг аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда узоқ йиллардан бери ҳал бўлмай ётган муаммолар йиғилиб қолган. Мактаб, гузар, боғча йўқ. Энг ачинарлиси, маҳалла ўз қабристонига ҳам эга эмас.

Аҳолининг бу муаммолар юзасидан вилоят ҳокимлигидан тортиб турли ташкилотларга йўллаётган мурожаатлари ечимсиз қолмоқда.

“Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини 1989 йили ташкил топган. Мазкур ҳудудга туманнинг турли маҳаллаларидан ёш оилалар кўчиб чиққан. Бугунги кунга келиб 6200 дан ошиқ аҳоли яшайди. Кўплаб хонадонларда 12-14 нафаргача одам яшайди.

Мактаб, давлат боғчасининг йўқлиги – кўп йиллик муаммолардан. Бу ҳақда 2007 йилдан бери мурожаат қилиб келамиз.

Маҳалланинг асосий муаммосидан бири бу – қабристон. Бу масала 2003 йилдан бери кўтарилади. Ҳатто вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновгача мурожаат қилдик. Фойдаси бўлмади.

Имкони борлар болаларини марказдаги боғчага олиб боради. Маҳаллада ҳозир 4 та уй боғчаси бор. Лекин 6,5 минг аҳоли учун бу жуда оз”, – дейди Феруза Бойназарова.

Маҳалланинг ёши улуғлари Ҳакимжон ота Иминов ва Муяссар Аҳмедовалар Мустақиллик қишлоғининг энг катта муаммолари мактаб, боғча ва қабристон экани ҳақида гапиришди.

“Қабристон керак” деб ҳокимиятга 12-13 марта бордим. Улар “маҳалла ичига мумкин эмас, аҳолидан 300 метр узоқликда бўлиши керак”, деб жавоб беришди. Қаердан бўлса ҳам беришмайдими? Кимдир вафот этса, атрофга қабристон излаб кетяпмиз. Жой топилгунича ўлик ётади”, – дейди Ҳакимжон ота Иминов.

Мангулик кўчаси муаммолари

“Наврўз” маҳалласининг Мангулик кўчасида ҳам бизни бир гуруҳ фуқаролар кутиб турган экан. Кўчада бир талай муаммолар тўпланиб қолган. Ҳайрон қоладиган жиҳат – 2018 йили кўчадаги 500 метр табиий газ қувури тумангаз ходимлари томонидан кесиб олиб кетилган.

Аҳоли ўша кундан бошлаб ёниб турган табиий газдан мосуво бўлди. Уларнинг Президент қабулхонасига ёзган хатига бутунлай бошқа, 2012 йилдаги Санграбод маҳалласининг табиий газдан узилишига тегишли жавоб олишган.

“Кўчалар ҳолати ёмон. Қишда лой ва ёзда чанг. “Қачон асфальт бўлар экан”, деб 30 йилдан бери кутамиз. Симёғочлар ўтган асрда ўрнатилган. Трансформаторимиз жуда эски, совуқ фаслда ҳар икки кунда ремонтига пул йиғамиз. Кучланишнинг пастлигидан кир ювадиган машиналаримиз, дазмолларимиз ишламайди, телевизорларимиз кўрсатмайди.

2018 йили республикадан вакиллар очиқ мулоқотга келишганида айтдик, вилоят ҳокими қабул қилди ,ўзим учрадим. “2019 йил дастурига киритилган”, дейишди. Мана 2021 йилнинг ярми ўтяпти, янги трансформатордан дарак йўқ.

Ичимлик суви линияси тинмай тешилади. “Сувоқова” бошлиғига борсак, қулоқ ҳам солмаяпти.

500 метр газ қувуримизни 2018 йили “райгаз”дан келиб, узиб кетишган. Шундан бери ёниб турган газдан қуруқ қолдик. Президент қабулхонасига хат ёзсак, “Ҳудудгаз” Пахтаобод филиали биздан узоқда жойлашган “Санграобод” маҳалласига тегишли хатни жавоб қилиб жўнатишибди”, – дейди Адҳамжон Тожибоев.

Биз маҳалла муаммосини ўрганаётган пайтимизда туман газ мутасаддилари етиб келиб, қувурлар масаласига изоҳ беришди. Уларнинг изоҳи тушунарсиз эди.

“Узиб кетилган қувур масаласида раҳбариятдан сўрадик. 500 метр қувурни Пахтаобод тумани халқини ўйлаб, марказ ҳудудига олиб келинаётган транзит линияга ишлатган эканмиз. “Мангулик” кўчаси табиий газ таъминоти яхши эмаслиги учун суюлтирилган газ таъминотига ўтказилган”, – дейди “Ҳудудгаз” туман филиали мижозлар бўлими бошлиғи Баҳодиржон Қосимов.

Ҳокимлик: “Муаммолар борлигини инкор этмаймиз”

Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Фаттоҳжон Қамбаров икки маҳалланинг муаммоларига муносабатини анчагина қисқа қилди:

“Ҳақиқатда “Мустақиллик” маҳалласида, Мангулик кўчасида юқорида айтилган муаммолар мавжуд, буни инкор эта олмаймиз. Мазкур ҳолатларни ўрганиб чиқяпмиз, камчиликларни бартараф қиламиз”, – дейиш билан кифояланди у.

Биз вилоят ҳокимлигидан икки маҳалланинг узоқ йиллик муаммоларига эътибор қаратишни сўраб қоламиз.

Элмурод Эрматов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтажчи – Жаҳонгир Маҳмудов.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top