Ўзбекистон | 17:42 / 01.07.2021
9257
2 дақиқада ўқилади

Каттақўрғон кўчаларида туяқушлар «сайрга чиқди»

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида кўчада туяқушлар юргани тасвирланган видеолавҳа тарқалди. Ҳолат юзасидан шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати изоҳ берди.

Маълум қилинишича, Каттақўрғон шаҳрида «Ҳар бир оила-тадбиркор» дастури бўйича африка страуси-туяқушлар боқиш билан шуғулланадиган ўндан зиёд тадбиркорлик субъектлари фаолият олиб боришмоқда.

Видеотасвирдаги туяқушлар тадбиркорлардан бири томонидан бундан икки йил олдин олиб келинган жўжалар бўлиб, улар бугун улғайиб, тасвирда кўринганидек вояга етган. Тадбиркор туяқушларни ферма атрофида сайр қилдириш учун олиб чиққанда улар катта йўлга чиқиб кетишган ва Амир Темур кўчаси бўйлаб «сайр қилишган».

«Айни дамда бу ҳолат кўпчилик учун янгилик бўлиб, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг қизиқишига сабаб бўлди. Туяқушчилик бизнесига қизиққан тадбиркорлар шаҳарга келиб, шунақа тез югурадиган африка туяқушларини харид қилишлари мумкин», дейилади шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати изоҳида.

Мавзуга оид