Жамият | 23:58 / 03.07.2021
4716
2 дақиқада ўқилади

Зарафшон миллий табиат боғида ёнғин содир бўлди

Архив фото/Kun.uz

Самарқанд вилоятида жойлашган Зарафшон миллий табиат боғида ёнғин рўй берган. Бу ҳақда боғ ходимларига таяниб Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, бугун 3 июль куни соат 21:00ларда Зарафшон миллий табиат боғининг 4-бўлимида ўрмон ёнғини содир бўлган.

Қайд этилишича, ҳозирда Миллий табиат боғининг ходимлари, Жомбой туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ўт ўчирувчи ходимлари ҳамда боғга яқин ҳудудда яшовчи маҳаллий аҳоли ёрдамида ёнғинни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, «Зарафшон» миллий табиат боғи Ўзбекистондаги 10 қўриқхона ва миллий боғлардан бири бўлиб, 1975 йилда қўриқхона сифатида ташкил қилинган, кейинчалик миллий табиат боғига айлантирилган. Боғ майдони 2352 гектарни ташкил қилади ва у Зарафшон дарёси бўйлаб 47 километрга чўзилган. Боғнинг асосий мақсади – республикада йўқолиб бораётган жонзотлар популяциясини тиклаш ва сақлаш, бошқа қуш ва ҳайвонлар турларини муҳофаза қилишдан иборат. Бу ерда 1995 йилдан Бухоро буғусини кўпайтириш ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур боғда 2020 йилда ҳам ёнғин рўй берган ва боғнинг 2 минг метр квадрат майдонини қамраб олганди.

Мавзуга оид