Жаҳон | 23:55 / 04.07.2021
16429
1 дақиқада ўқилади

Ever Given кемаси 7 июлда Сувайш каналини тарк этади

Март ойида Сувайш канали орқали кемалар ҳаракатини 6 кунга тўхтатиб қўйган Ever Given контейнеровози 7 июлда канални тарк этади. Бу кемага эгалик қилувчи компания канал маъмуриятига 540 млн доллар компенсация тўлашга рози бўлгандан кейин мумкин бўлди.

Фото: РИА Новости

“7 июлда канал маъмурияти ва кема эгаси билан келишув имзоланиши маросими бўлиб ўтади. Маросим доирасида Ever Given канални тарк этади”, деб айтилган хабарда.

Маросимда кемага эгалик қилувчи компания ва канал раҳбарияти вакиллари иштирок этади.

30 июнда Al Arabiya телеканали ўз манбаларига таяниб, Сувайш канали раҳбарияти ва Ever Given эгаси каналга етказилган зарар учун 540 млн доллар компенсация тўлашга келишиб олганини маълум қилганди.

Хитойдан Нидерландиянинг Роттердам шаҳрига сузган 400 метрлик Ever Given контейнер ташувчи кемаси 23 март куни Сувайшда саёзликка ўтириб қолганди. Уни 6 кун ўтибгина жойидан силжитишга ва канални очишга муваффақ бўлинган. Бу вақт ичида каналга икки томондан кириш жойида юзлаб кемалардан иборат тирбандлик юзага келган. Каналдаги ҳаракатни 3 апрелдагина тўлиқ тиклашга муваффақ бўлинган.

Кема компенсация тўлаш бўйича келишувга эришилмагунча канал маъмурияти томонидан ушлаб турилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид