Жамият | 13:46 / 05.07.2021
44954
2 дақиқада ўқилади

Ислом цивилизацияси марказида Қуръони каримни ўрганиш курслари очилди

Фото: Kun.uz

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги «Алломалар мероси» ўқув марказида Қуръони каримни ўрганиш курслари ташкил этилди. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.

Ташкилотчиларнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ўқув курслари уч босқичда амалга оширилади:

  • 1-босқич – араб ҳарфларини ўргатиш (1 ой):
  • 2-босқич – тажвид билан ўқиш қоидалари (3 ой);
  • 3-босқич – Қуръони Каримни ўқиш ва ёдлаш (7 ой).

Гуруҳлар тингловчиларнинг билим даражаси, ёши, жинси ва бошқа педагогик шартларга мувофиқ 16-20 кишилик бўлиб, давомийлиги ўқувчининг ўзлаштириш даражасига боғлиқ бўлади. Ўқувчиларнинг ёши чегараланмаган ва билим даражасига қараб исталган курсни босқичдан бошлашлари мумкин.

Бир ҳафта давомида икки мартадан бўлиши режалаштирилган курсларнинг бир ойлик нархи 400 минг сўм.

Курслар ҳозирча Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида мавжуд. Ташкилотчилар талаб ва имкониятлардан келиб чиқиб кейинроқ бошқа ҳудудларда ҳам Қуръон курслари очилиши мумкинлигини истисно қилмади.

«Имкони борича ариза берганларнинг барчаси қамраб олинади, бунда гуруҳларнинг шаклланиши ва ресурсларимизга қараймиз. Курсларини битирган тингловчиларга ўқув марказининг сертификати тақдим этилади. Лекин, бу сертификат улар бошқаларни Қуръони Каримни ўқитишига рухсатнома ёки ижоза ҳисобланмайди,” – деди Kun.uz билан гаплашган марказ ходими.

Ўқув курсига ёзилиш учун ушбу ҳавола орқали онлайн рўйхатдан ўтиш керак.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси маълумотларига кўра, 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги 12 та – олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари, 5 та – илмий мактаблари қошида, жами 17 та пуллик «Қуръони карим ва тажвид» курслари фаолият кўрсатмоқда. Бу курслар 3 ой давом этади ва умумий нархи 980 минг сўм атрофида.

Мавзуга оид