13:27 / 05.07.2021
26697

Тошкент метрополитенидаги қурилиш ишларида 899 млн сўм талон-торож қилингани аниқланди

Тошкент ҳалқа йўли ерости метрополитенида олиб борилган қурилиш ишларида 899 миллион сўм талон-торож қилинган. Транспорт прокурори Маъруфхон Хўжаевнинг сўзларига кўра, «мансабдор шахсларнинг ўз ишига масъулиятсизлиги оқибатида жами 650та инсон омили билан боғлиқ камчиликлар» аниқланди.

Республика транспорт прокуратураси томонидан танқидий-таҳлилий ўрганиш ишлари олиб борилди. Транспорт прокурори Маъруфхон Хўжаев тизимда кўплаб қонунбузилиш ҳолатлари аниқлангани ҳақида маълумот берди.

«Жорий йилнинг май-июнь ойларида олиб борилган ўрганишларда мансабдор шахсларнинг ўз ишига масъулиятсизлиги оқибатида жами 650та инсон омили билан боғлиқ камчиликлар аниқланди. 2021 йилнинг 6 ойи мобайнида ижтимоий тармоқларда метрополитендаги ҳолатлар билан боғлиқ 10га яқин видеороликлар тарқалган. Метрополитенни қуриш жараёнида кўплаб қурилиш маҳсулотлари талон-торож қилинган.

Хусусан, Тошкент ҳалқа йўли ерости метрополитенида олиб борилган қурилиш ишларида 899 миллион сўм маблағ талон-торож қилинган. Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда жиноий иш қўзғатилган. Тергов натижаларига кўра, айбдор ходимларга жазо муқаррарлиги таъминланади», деди Маъруфхон Хўжаев.

Аввалроқ, Транспорт прокуратураси 2020 йилда йўл ва кўприк қурилиш соҳасида бюджетдан ажратилган пулларни ўзлаштириш ҳолати бўйича 40га яқин жиноят иши очилгани ҳамда 11,5 млрд сўмлик давлат мулки талон-торож қилиниши фош этилгани ҳақида маълум қилган эди.

Top