19:35 / 06.07.2021
3161

Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳудудидаги дарахтлар тегишли рухсатнома олинмасдан кесиб ташланди

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмасида дарахтлар тегишли рухсатнома олинмасдан кесиб ташланган. Бу ҳақда Қашқадарё вилоят экология бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмасида дарахтлар кесилаётгани ҳолати Қашқадарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан ўрганилган.

Ўрганиш давомида аниқланишича, жорий йил 24 июнь куни Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан тиббиёт бирлашмаси ҳудудида қуриган ва юридик шахсларнинг мол-мулкига ва фуқароларнинг ҳаётига хавф солаётган 20 туп терак ва 1 туп чинор дарахтларини кесиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига ариза йўлланган. Ариза 32840742-рақам билан электрон тарзда рўйхатга олинган.

Қайд этилишича, 2021 йил 25 июнь куни Шаҳрисабз шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат инспекцияси ходимлари томонидан мазкур ариза жойига бориб ўрганилган. Ўрганиш давомида, ҳар хил диаметрдаги 10 туп терак дарахти табиий омиллар ёки ўсимликлар зараркунандалари ва турли хил касалликлар таъсирида зарарланиб, қуриб қолгани, қолган дарахтлар соғлом ҳолатда экани маълум бўлган.

2021 йил 28 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сонли қарори 29-бандига мувофиқ вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг №227-рақамли билан қуриган 10 туп теракни санитар мақсадда кесишга рухсат берилган. Қолган соғлом тераклар ҳамда чинорни кесишга рад этиш ҳақида хулоса берилган.

Вазирлар Маҳкамасининг «Табиатдан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 2018 йил 31 мартдаги 255-сон қарори талабига асосан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларининг ижобий хулосаси олингандан кейин дарахт ва буталарни кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш учун туман (шаҳар) хокимликлари рухсатнома расмийлаштириши белгиланган.

Ўрганиш давомида Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси санитар мақсадда кесишга ижобий хулоса берилган 10 туп теракни шаҳар ҳокимлиги рухсатномасини олмасдан кесиб ташлагани аниқланган.

Таъкидланишича, ушбу ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси масъул ходимига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 2 миллион 450 минг сўм жарима қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида туман йўллардан фойдаланиш корхонаси масъул ходими томонидан 109 туп дарахт тегишли рухсатномасиз кесиб ташланган ва ўсимлик дунёсига 329 миллион сўм зарар етказилган.

P.S. Гарчи Қашқадарё вилояти экология бошқармаси Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳудудида қуриб қолган теракларни кесиб олиш учун ижобий хулоса берган бўлса-да, негадир фотосуратда барг ёзиб турган дарахт кесилгани кўриняпти. Таажжуб!

Top