14:40 / 07.07.2021
10002

Ўзбекистонликлар учун визасиз ташриф, мамлакатга кириш талаблари – Индонезия визаси ҳақида

UzbekLife хорижий мамлакатлар визалари ҳақидаги туркум материалларни беришда давом этади. Ушбу мақола орқали кўплар учун қизиқ бўлган Индонезия мамлакати визаси турлари, уларни олиш тартиби борасида маълумот берамиз.

Индонезия виза сиёсати ташриф буюрувчининг мамлакатига ва сафар муддатига қараб фарқ қилади.

 Сайёҳлик визаси

Индонезия 169 та мамлакат фуқаролари учун 30 кунгача визасиз ташриф режимини жорий қилган. Улар қаторида Ўзбекистон ҳам бор. Яъни Ўзбекистон фуқароси виза олмасдан туриб, Индонезияга сайёҳ сифатида кириши ва у ерда 30 кунгача қолиши мумкин. Ушбу шахслар Индонезияда шунчаки саёҳат қилиши, оила аъзолари ва қариндошларини кўргани бориши (агар Индонезияда бўлса), санъат ва маданий тадбирларда қатнашиши, ҳукумат топшириғи билан келиши ҳамда транзит қилиши мумкин. Аммо визасиз ишлаши, ўқиши ва бизнес қилиши виза талабларини бузиш ҳисобланади.

Индонезияда узоқ муддат яшаш учун виза

Аризаларни топшириш жараёни ва визаларни кўриб чиқиш вақтлари талаб қилинадиган виза турига қараб жуда фарқ қилади. Одатда, иш ва ўқиш визалари каби узоқ муддатли рухсатномалар кўпроқ вақт талаб этади ва уларни олиш учун қўшимча ҳужжатлар талаб қилинади.

Узоқ муддатли яшаш учун олинган визалар Индонезияга фақат бир марта кириш учун рухсат беради. Аммо Индонезияга боргач, қолиш учyн рухсат олсангиз, у мамлакатга кўп марта кириб чиқишингизга рухсат беради.

  • Меҳнат визаси
  • Талаба визаси
  • Нафақа визаси
  • Оила визаси
  • Тадқиқот визаси

Индонезия электрон визасини олиш учун:

-        тўлдирилган онлайн виза сўровномаси;

-        шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт, фотосуратлар ва таклифнома, агар мавжуд бўлса);

-        тўлов амалга ошириш.

Индонезияда ўқиш

Индонезияда ўқиш учун аввал ижтимоий/маданий ташриф визасини қўлга киритиш керак. Сўнг талаба визасига ариза топшириш ҳуқуқига эга бўлинади. Талаба визаси фақат Индонезияда бўлганингиздан сўнг берилади.

Ижтимоий/маданий ташриф визаси

У ягона кириш визаси бўлиб, 60 кун амал қилади. Талаба визаси тасдиқланиши билан берилади.

Талаба визаси

Индонезияга боргач, талабалар ўзларининг ижтимоий/маданий ташриф визаларини талаба визасига алмаштириш учун Иммиграция Бош идорасига мурожаат қилиши лозим. Вақтинча яшаш учун рухсатнома ҳам талаб қилинади. Вақтинча яшаш учун рухсатнома 12 ойга берилади ва ундан кейин уни узайтириш мумкин. Талаба визасини олиш учун Индонезиядаги бирор олийгоҳга қабул қилинган бўлишингиз зарур. Визани олиш учун ўртача 1,5 – 2 ой вақт кетади.

Меҳнат визаси (KITAS)

Ушбу турдаги виза иш берувчи компанияга маълум бир чет эллик ходимнинг маълум бир лавозимда ишлаши учун берилади. Шунинг учун KITAS’га ишга жойлашишдан олдин ариза топшириш мумкин эмас.

KITAS’га мурожаат қилиш учун сиз иш топишингиз ёки ўзингизнинг компаниянгизни очишингиз керак.

Маҳаллий фуқароларнинг миллий маиший сиёсатидан келиб чиқиб, чет элликларни ёлламоқчи бўлган компаниялар талаб қилинадиган лавозим учун чет эл фуқаросини ёллаш зарурлигини исботлашлари лозим.

Ишга рухсат бериш турлича муддатга берилиши, бунда у узайтирилиши ёки узайтирилмаслиги ҳам мумкин. Бу турли фактларга боғлиқ.

Баъзи ҳолларда сиз ҳар йили узайтириладиган 5 йиллик меҳнат визасига мурожаат қилишингиз мумкин.

Айни пайтда ушбу 5 йиллик KITAS’ни фақат қуйидаги ҳолатда олиш мумкин:

- Индонезиядаги ўз компаниянгизнинг директори бўлишингиз керак.

- Индонезияда ишлашни режалаштирган соҳада 5 йиллик тажрибага эга бўлишингиз зарур.

Аризачига қўйиладиган талаблар:

- Диплом

- Тавсифнома

- Паспорт

- Биометрик паспортдан нусха

- 6 дона сурат

- Таржимайи ҳол.

Виза тўловлари

Виза муддатини узайтириш аввал тўлаган суммангиз билан бир хил бўлади. Виза муддати тугагандан сўнг ҳам Индонезияда қолсангиз, ҳар бир кун учун 70 АҚШ доллари тўлайсиз. Шунинг учун виза муддатини вақтида узайтиришни унутманг.

Фотосуратга қўйиладиган талаблар

Саёҳатчилар Индонезияга электрон виза олиш учун паспортга талаб қилинадиган шаклдаги суратини электрон кўринишда тақдим этиши керак. Талабга жавоб бермайдиган суратни жойлаш виза сўрови рад этилишининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Фотосуратга қўйиладиган талаблардан бири унинг ҳажми. Жуда катта ва жуда кичкина суратлар рад қилинади. Тўғри ўлчов 5.08 х 5.08 см. Бош ўлчови (иякдан бошнинг энг юқори қисмигача) – 35 ва 40 мм бўлиши шарт.

Ҳажмдан ташқари виза олиш учун тақдим этилаётган сурат қуйидаги талабларга ҳам жавоб бериши керак:

  • Юз ифодаси;
  • Рангга қўйилган талаблар;
  • Кўзойнак ва бошқа аксессуарлар.

Аризачи суратга тушаётганда табассум қилмаслиги, нейтрал ҳолатда бўлиши лозим. Оғзи ёпиқ бўлиши, тишлари кўринмаслиги керак.

Сурат рангли бўлиши зарур. Оқ-қора тасвирдаги суратлар ёки компьютерда ранг берилган суратлар қабул қилинмайди. Шунингдек, аризачи оқ фонда расмга тушиши талаб этилади.

Суратга тушаётганда шляпа ва бошқа бош кийимлари ечиб қўйилиши керак. Фақат диний мақсадларда кийиладиган бош кийимларга рухсат берилади.

Шунингдек, тақинчоқлар, шарф ва бошқа аксессуарлар ҳам ечиб қўйилиши лозим.

Сурат эски бўлмаслиги, ариза топширган вақтда 6 ойдан ошмаган бўлиши зарур. Ташқи кўринишида кескин ўзгариш бўлган аризачилар қайта суратга тушиши, Индонезия чегарасидаги масъуллар уларни таниб олишда муаммога учрамаслиги керак.

Вакцинация

Индонезия безгак ва чивин билан юқадиган бошқа касалликлар, масалан, денге иситмаси, зика вируси хавфи бўлган тропик давлат бўлгани учун у ерга сафар қилишдан олдин вакцина олиш керак. Индонезияга саёҳат қилиш учун аниқ бирор вакцина талаб қилинмаса ҳам, барча чет эл фуқароларига саёҳатларидан олдин қуйидаги мунтазам эмлашларни қабул қилишлари тавсия этилади:

- Сувчечак (Варицелла)

- Дифтерия(бўғма)-қоқшол-йўтал

- Грипп

- Қизамиқ-тепки-қизилча

- Полиомиелит.

Бундан ташқари, Гепатит А учун эмланмаган 1 ёш ва ундан катта ёшдаги саёҳатчилар, шунингдек, 6 ойдан 11 ойгача бўлган чақалоқлар Индонезияга саёҳат қилишдан олдин эмланишлари керак.

Индонезиядаги дўстлари ва қариндошлари билан яшашни ёки кичик шаҳарларга ёки қишлоқ жойларига боришни режалаштираётганларга саёҳат қилишдан олдин тифга (ич терлама) қарши эмланиш тавсия этилади.

Зиёдахон Ғуломова,

UzbekLife колумнисти

Top