Ўзбекистон | 13:31 / 03.02.2024
12443
2 дақиқада ўқилади

Эронга киришда Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режим 4 февралдан амал қилади

Ўзбекистон фуқаролари 4 февралдан Эронга ҳар олти ойда бир марта визасиз кириб, 15 кунгача саёҳат қилишлари мумкин. 

Фото: AP

Ўзбекистон фуқаролари 4 февралдан эътиборан Эронга 15 кунгача визасиз саёҳат қилишлари мумкин, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Али-Реза Бигделининг маълумотларига кўра, 28 та давлат фуқаролари учун виза олиш талаби бекор қилинган. Ушбу мамлакатлар: Саудия Арабистони, Қатар, БАА, Баҳрайн, Кувайт, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тунис, Танзания, Мавритания, Зимбабве, Маврикий, Сейшел ороллари, Япония, Индонезия, Сингапур, Куба, Ветнам, Камбоджа, Бруней, Бразилия, Мексика, Перу, Хорватия, Сербия, Босния ва Герцеговина, Беларус ва Ҳиндистон.

Ўз навбатида, Ҳиндистон фуқаролари Эронга ҳаво транспортидан фойдаланган ҳолда киргандагина визасиз режим амал қилади, қуруқликдаги чегаралар орқали кирмоқчи бўлса, виза олишлари керак.

Аввалроқ, Эрон Вазирлар Маҳкамаси бир томонлама тартибда 32 давлат билан виза режимини бекор қилишни маъқуллагани хабар қилинганди.

Маълумот учун, БАА ҳам 16 февралдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий қилган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид