Осиё кубоги-2023 Қирғизистон учун омадсиз якунланиб, қўшниларимиз 3 ўйинда атиги битта гол киритган ҳолда турнирни тарк этишди. Кожо Жоэл томонидан Уммон дарвозасига киритилган ягона гол қирғизларга бир очкони келтириш билан бирга Қатардан уйига қайтишга яқин турган Индонезияга ўз тарихидаги илк плей-офф йўлланмасини тақдим этди. Натижада, «Динамо» клуби ҳужумчиси қарийб 275 миллион аҳолига эга бу мамлакат қаҳрамонига айланди.

«Динамо»да «йил ўйинчиси»га айланган Кожо

Асли ганалик бўлган Кожо Жоэл 2023 йил бошида Қирғизистоннинг «Дордой» клубидан Самарқанднинг «Динамо» клубига қўшилганди. Вадим Абрамов қўл остида Про лигадаги бир мавсумда 17 ўйинда 12та гол, Ўзбекистон кубогида эса 4та гол киритиб, жамоаси билан Суперлигага йўлланма олди, Ўзбекистон кубогида эса яримфиналга етиб борди. Про лига тўпурарлари орасида 2-ўринни эгаллаган ҳужумчи «Динамо» мухлислари томонидан жамоанинг 2023 йилдаги энг яхши ўйинчиси деб топилади. Кожо Жоэл қирғиз қизига уйланган, ўтган йили эса ушбу мамлакат фуқаролигини олиб, илк бор Қирғизистон миллий жамоасига таклиф этилганди.

Осиё кубогидаги омадсиз старт ва омадли якун

Қирғизистон миллий жамоаси Осиё кубоги-2023 баҳсларини Таиландга қарши ўйин билан бошлаб, 0:2 ҳисобида мағлубиятга учрагач, ушбу баҳсда иккита яхши имкониятидан фойдалана олмаган Кожо Жоэл бош мураббий томонидан захирага ўтқазиб қўйилди ва Саудия Арабистони билан баҳсда (0:2) «Динамо» ҳужумчиси майдонга туширилмади. Қирғизистон кейинги босқичга чиқиш учун 3-турда Уммонни камида икки тўп фарқи билан мағлуб этиши талаб этиларди. Шу боис қўшниларимиз бош мураббийи Штефан Таркович Кожо Жоэлни асосий таркибга қайтарди. Уммон билан ўйинда рақиб жамоа ҳисобда олдинда бораётган ва 80-дақиқада Кожо жамоасининг Осиё кубоги-2023даги ягона голига муаллифлик қилиб, Қирғизистонга илк очкони келтирди – 1:1. Шунга қарамай, қирғизлар гуруҳда 4-ўринни эгаллаб, турнирни тарк этишди.

Кожо – Индонезия қаҳрамони

Қирғизистон – Уммон ўйинида дуранг қайд этилган тақдирда, Осиё кубоги-2023 нимчоракфиналининг сўнгги 16-йўлланмаси кутилмаганда Индонезияга насиб этарди. Бу мамлакат жамоаси гуруҳда Ироқ ва Япониядан 3тадан гол ўтказиб юборган ва пеналтидан киритилган ягона гол эвазига Виетнамни мағлуб этган бўлса-да, 3 очко ҳамда -3 тўплар нисбати билан кейинги босқичга чиқишдан деярли умидини узганди. Уйга қайтиш учун самолётга чипта буюртма беришга яқин турган индонезияликларни Кожо Жоэл ўз голи билан Қатарда қолдирди ва уларнинг ўз тарихида илк марта Осиё кубоги плей-офф босқичига йўлланма олишига сабабчи бўлди.